Истиқболи порлоқ юлдузлар
  • 18 Ноябрь 2014

Истиқболи порлоқ юлдузлар

Пойтахтимизда “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг республика босқичи бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Камалак” болалар ташкилоти томонидан ўтказилаётган мазкур фестиваль Президентимизнинг жорий йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси асосида ташкил этилмоқда.
Фестиваль мамлакатимизда иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва маҳоратларини намоён қилишлари учун кенг имконият яратиш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларини сақлаб қолиш, ривожлантириш ҳамда давом эттиришга хизмат қилаяпти. Шу боис санъатга ошно ёш авлод вакиллари сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Жумладан, мамлакатимиз миқёсида бу йилги танловда иштирок этиш истагини билдирган 6 — 15 ёшгача бўлган ижодкор ва иқтидорли ёшлардан жами 37 600 та ариза қабул қилинди. Бу эса ўтган йилдагига нисбатан 3 500 та кўпдир.
Таъкидлаш керакки, танловнинг республика босқичида 698 нафар ўғил-қиз миллий чолғулар, тасвирий ва амалий санъат, қўшиқчилик, рақс, шеърият ва адабиёт йўналишларида ўз маҳоратини намойиш этишаяпти.
Шунингдек, Миллий рақс ва хореография олий мактаби, Республика рассомчилик коллежи, В. Успенский номидаги ҳамда Р. Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейларида иштирокчилар учун санъат арбоблари, рассомлар, халқ усталари, ёшлар мураббийлари, малакали мутахассислар томонидан маҳорат дарслари, “Устоз сабоқлари” машғулотлари бўлиб ўтаяпти. Бундан ташқари, фестиваль доирасида иштирокчиларнинг Ўзбекистон давлат тарихи, Темурийлар тарихи давлат музейлари ҳамда азим пойтахтимизнинг диққатга сазовор гўшаларига саёҳатини уюштириш ҳам режалаштирилган.

Д. АБДУРАИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn