Аждодларимиз мероси ва тараққиёт
  • 15 Ноябрь 2014

Аждодларимиз мероси ва тараққиёт

Юртимиз қадимдан илм-фан ва маданиятнинг ўчоғи бўлиб келган. Хусусан, заминимизда камол топган алломаларнинг илмий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференцияда бу борадаги якдил эътироф бутун дунё олимлари томонидан алоҳида тилга олинди.
Бу бежиз эмас, албатта. Мозийга назар солсак, биргина темурийлар даврида илм-фан қанчалик гуллаб-яшнаганлигига амин бўламиз. Хусусан, Самарқанд йирик илмий марказга айланди. Қатор мадрасалар ташкил этилиб, уларда ёшларнинг турли билимларни чуқур эгаллашларига алоҳида эътибор қаратилди. Мирзо Улуғбек асос солган астрономия мактабида  оламшумул кашфиётлар амалга оширилдики, бу соҳа ривожида улкан бурилишларни бошлаб берди.
Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Курагоний” деб номланган илмий асари астрономия, шунингдек, математика фанини ўрганишда нодир қўлланмадир. Асар муқаддима ва тўрт мақоладан иборат бўлиб, уларда юқоридаги фанларнинг энг муҳим жиҳатлари илмий хулосалар билан асослаб берилган. “Зижи жадиди Курагоний”да келтирилган чизмалар жуда ихчам бўлганидан, уларга асосланиб турли катталиклар орасидаги муносабатларни бемалол таҳлил қилиш, турли қоидаларни, жумладан, тригонометрияга оид тўлдириш ва келтириш формулаларини тузиш мумкин. Шунинг учун бўлса керак, аллома ушбу асари ҳақида фикр билдириб, “То, ҳозиргача ҳеч ким (функциялар орасидаги муносабатларни) исботлаш йўли билан келтириб чиқармаган... Биз Оллоҳнинг инояти билан исботлашни бажара олдик ва уларнинг таърифини алоҳида китобда баён қилдик”, деб таъкидлаган.
Улуғбек мадрасасида таҳсил олган самарқандлик машҳур олим, ўзининг бой илмий мероси билан математика, астрономия ва тиббиёт фанлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган Али Қушчининг кўплаб асарлари ҳам Осиё, Европа мамлакатлари университетларида асрлар мобайнида ўқув қўлланма вазифасини ўтаган.
Бундан ташқари, яна бир беназир олим Жамшид ал-Коший ўз китобларининг бирида учинчи даражали алгебраик тенгламаларга кетма-кет яқинлаштириш усули орқали ечим топган. Бу усул нафақат учинчи, балки исталган даражали тенгламаларни ечишга имкон яратади.
Бу далиллар нимадан далолат беради? Бу, энг аввало, ўрта асрларда яшаб, ижод этган буюк Шарқ аллома ва мутафаккирларидан бири бўлмиш Мирзо Улуғбек ва унинг издошларининг асарлари, илмий мероси фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки эканини яна бир бор тасдиқлайди. Бу — бебаҳо бойлик, авлодлар учун чексиз билим манбаидир. Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганидек: “Мирзо Улуғбек астрономия соҳасидаги буюк аллома сифатида шуҳрат қозонган ва унинг номи ҳақли равишда Коперник, Жордано Бруно, Галилей ва бошқа улуғ илм-фан даҳолари қаторида тилга олинади. Мирзо Улуғбекнинг
XV асрда тузган астрономия жадвалида 1018 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган бўлиб, бу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог эди”.
Хулоса ўрнида айтганда, аждодларимизнинг бой маънавий ва илмий меросини янада чуқур ўрганиш, ундан ёш авлод таълим-тарбиясида унумли фойдаланиш барчамизнинг вазифамиздир.

Жониқул АБДУЛЛАЕВ,
Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети профессори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Куз илҳомлари Истиқболи порлоқ юлдузлар »