Антонио Вивалдининг Амир Темурга бағишланган китоби Римда тақдим этилди
  • 11 Ноябрь 2014

Антонио Вивалдининг Амир Темурга бағишланган китоби Римда тақдим этилди

Италия пойтахтида Римдаги Ла Сапиенца университети профессори, Университетлараро тадқиқотлар маркази ва Барқарор ривожланиш кенгашининг аъзоси Магди Педаче қаламига мансуб “La Musica e la Memoria” (“Мусиқа ва хотира”) номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу асар италиялик тарихчилар ҳамда уларнинг Ўзбекистон Фанлар академиясидаги ҳамкасбларининг бир неча йиллик ўзаро ҳамкорликдаги илмий-ижодий ишлари натижаси сифатида нашр этилди. У турли халқларни бирлаштиришга хизмат қиладиган муҳим омил — маданиятнинг инсон ҳаётида тутадиган ўрнига бағишланган.
Маълумки, Италия ва Ўзбекистон кўҳна маданият, бой тарих ҳамда анъаналарга эга бўлган мамлакатлар сирасига киради. Улар асрлар давомида бири-бирига таъсир кўрсатиб келгани ўтмишдан яхши маълум. Мамлакатимиз ҳудудидан топилган кўҳна Рим тангалари сингари археологик ёдгорликлар, Буюк Ипак йўли воситасидаги тарихий савдо алоқалари, Марко Полонинг Марказий Осиёга саёҳати ҳамда кўпчилик учун янгилик бўлган, яъни италиялик машҳур бастакор Антонио Вивалдининг Амир Темур ҳақидаги асари хусусидаги маълумотлар Италия ва Ўзбекистон олимлари томонидан чоп этилган мазкур китобда ўз ифодасини топган. 
Асар саҳифаларидан жой олган миниатюралар китобхонни Марказий Осиё ва Ўрта Ер денгизи ўлкасининг руҳи билан ошно қилади. Италиялик буюк бастакор Амир Темурнинг ҳарбий фазилатлари ва у эришган муваффақиятларни эътироф этиш билан бирга, Соҳибқироннинг маданият жонкуяри бўлганлиги, Темурийлар даврининг илмий, маданий-тарихий мероси бундан далолат бериши хусусидаги фикр-мулоҳазаларини Уйғониш даври услубида ўқувчилар эътиборига ҳавола қилган.
Китобда нафақат Темурийлар давридаги ҳарбий муваффақиятлар, балки ўша замондаги давлат қурилиши, меъморчилик, илм-фан, шаҳар инфратузилмаси ва бошқа йўналишлардаги тарихий ўзига хосликлар ҳам атрофлича қаламга олинган. Муаллиф эътироф этганидек, улар Европа мамлакатларида чуқур ўрганилган ва амалда қўлланилган. 
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур китоб тақдимоти Италиянинг илмий-академик доираларида катта қизиқишни ҳамда икки мамлакат илмий жамоатчилиги ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун рағбат ҳиссини кучайтирди.  
Римдаги Santa Cecilia консерваторияси профессори Карла Конти Ўзбекистоннинг бугунги ёшлари ўзларининг буюк аждодлари қолдирган мероснинг муносиб ворислари ва давомчилари ҳисобланишини қайд этди.
— Биз бугунги кунда Ўзбекистоннинг ёш талантлари Европанинг ва бутун дунёнинг нуфузли мусиқа танловларида совринли ўринларни эгаллашаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз, — деди у. — Албатта, мусиқа тарихини ўрганишга доир бундай қўшма илмий тадқиқот ишлари келажакда ҳам давом этиши лозим.
К. Конти мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини изҳор этар экан, Италия ва Ўзбекистоннинг мусиқий мулкини янада бойитиш учун икки мамлакат ёш мусиқа ихлосмандларининг алмашувини йўлга қўйишни таклиф этди.  
Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси ҳузуридаги Италия делегациясининг раиси Риккардо Мильори ўзбек маданиятида мусиқа марказий ўринни эгаллашини қайд этар экан, бу кенг миқёсли Марказий Осиёдаги цивилизация тараққиётида ҳамон муҳим ўрин тутиб келаётганини айтди. 
Италия пойтахтида ўтказилган мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ ўзаро фикр алмашувларга жуда бой бўлди.

«Жаҳон» АА.
Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn