Тошкент — халқаро танловга мезбон
  • 07 Ноябрь 2014

Тошкент — халқаро танловга мезбон

Пойтахтимизда “Competizione dell‘Opera” итальян операси ёш ижрочиларининг XIV халқаро танловига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Австриядаги “Competizione dell‘Opera” халқаро танлов уюшмаси, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда ёш истеъдод соҳибларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миллий санъатимиз турларини янада ривожлантириш ҳамда унинг ютуқларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, санъаткорларимиз йирик ижодий учрашувлар, халқаро танлов ва фестивалларда муваффақиятли  қатнашиб, хорижлик санъат мухлисларини миллий ва жаҳон опера санъатининг жозибасидан баҳраманд қилиб келишаяпти.
Жорий йилнинг 23 — 29 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган ушбу санъат байрамида Осиё, Европа, Австралия, Африка ва Жанубий Америка давлатларининг дастлабки босқичларда муваффақиятга эришган ёш опера ижрочилари иштирок этади. Қатнашчилар қадимдан ХХ асргача бўлган опера санъати асарларини фақат итальян тилида ижро этишади. Уларнинг чиқишларини эса дунёнинг машҳур опера театри раҳбарлари ва опера ижрочиларидан иборат халқаро ҳайъат аъзолари баҳолаб боради.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Олтин куз манзаралари Янги санъат кошонаси »