Ўзбекистон — ЮНЕСКО: Анъаналарни қадрлаш йўлида
Версия для печати
  • 04 Ноябрь 2014

Ўзбекистон — ЮНЕСКО: Анъаналарни қадрлаш йўлида

БМТ жаҳонда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга хизмат қилувчи энг нуфузли халқаро ташкилот бўлиб, унинг ана шу мақсад йўлидаги фаолияти самарадорлигини оширишда қатор соҳаларга ихтисослаштирилган таркибий тузилмалари муҳим ўрин тутади.

Масалан, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО халқлар ўртасида ўзаро маданий ва маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали глобал хавфсизликка эришишга муносиб ҳисса қўшиб келаяпти.
Мазкур ташкилотга 1945 йил 16 ноябрь куни асос солинган бўлиб, унинг Низоми 1946 йилнинг 4 ноябридан расман кучга кирган. Ҳозирги кунда ЮНЕСКОга икки юзга яқин давлатлар аъзо. Бу ҳам ташкилотнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори, мавқеи нақадар юксак эканлигини кўрсатади.
Ўзбекистон 1993 йилда ЮНЕСКО аъзосига айланган бўлса, 1996 йилда Тошкентда унинг ваколатхонаси очилди. Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилди.
Юртимиздаги тарихий обидалар, қадимий шаҳарлар, ёзма ва оғзаки халқ ижодиёти, умуман, ўзбек халқининг бой меросига ҳамда Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига мазкур ташкилотда қизиқиш жуда катта. Муқаддас қадамжоларни таъмирлаш, улуғ аждодларимиздан қолган меросни асраб-авайлаш, ўрганишга қаратилаётган эътиборни ташкилот доимо эътироф этиб келади.
Давлатимиз раҳбарининг 1996 йил апрель ойида ЮНЕСКО Бош қароргоҳига ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлди. Қолаверса, 1998 йилнинг ноябрида ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг якунловчи мажлисига Тошкент шаҳри мезбонлик қилгани ҳам кўп нарсани англатади. МДҲ миқёсида биринчи марта ташкил этилган мазкур тадбирда “Жаҳон маданияти ва ЮНЕСКОнинг аъзо давлатлардаги фаолияти” номли Тошкент декларацияси имзоланди.
ЮНЕСКОнинг юртимиздаги ваколатхонаси ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда. Хусусан, у Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалга ошираётир.
Ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш каби ишлардаги алоқалар натижалари эътиборга лойиқ. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги бир қатор олий таълим муассасаларида ЮНЕСКО кафедралари фаолияти йўлга қўйилган.
Маданий ва табиий меросни аниқлаш, муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам эътиборга лойиқ. Давлатимизнинг Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенцияга қўшилиши бу борада мустаҳкам асос яратиш имконини берди. Мазкур халқаро ҳужжатда баъзи географик жойлар оламшумул аҳамият касб этиши таъкидланиб, халқаро муҳофазага олинган. Самарқанд ва Шаҳрисабз, Бухоро шаҳрининг тарихий маркази, Хивадаги Ичанқалъа мажмуига ана шундай юксак мақом берилган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида сақланаётган Усмон Қуръони ва Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида тўпланган нодир қўлёзмалар “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган. Яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўз байрами, “Катта ашула”, “Шашмақом” қўшиқлари, Бойсун миллий фольклор анъаналари инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олган.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк бобокалонларимиз, кўҳна шаҳарларимиз юбилейларини ва бошқа нуфузли маданий тадбирларни ўтказишда ҳам ЮНЕСКО вакиллари доимо фаол қатнашиб келади. Бу аждодларимиз истеъдодига, бой маънавий меросига, тарихимизга ҳурмат-эҳтиром ифодасидир. Жумладан, ўтган давр мобайнида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод каби улуғ алломаларимиз, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Марғилон, Тошкент сингари шаҳарларимиз, шунингдек, “Алпомиш”, “Авесто” адабий ёдгорликлари ва Хоразм Маъмун академиясининг тарихий саналари ташкилот ҳамкорлигида юксак даражада нишонлангани бунинг яққол тасдиғидир.
Булар қаторида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ҳам алоҳида айтиб ўтиш лозим. ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган мазкур санъат байрами халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, мусиқа ва қўшиқ орқали одамлар қалбида эзгу туйғуларни уйғотиш каби олижаноб мақсадларга хизмат қилмоқда. Бу айнан ЮНЕСКО ғояларига мосдир ва шунинг учун ҳам ташкилотнинг нуфузли вакиллари бундай ажойиб анжуманда ҳамиша иштирок этишади. Айтайлик, ўтган йили “Шарқ тароналари” IX халқаро фестивалининг тантанали очилиш маросимида ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова қатнашди. У ушбу санъат анжумани мисолида Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантиришга улкан эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.
Жорий йил май ойида эса Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Хуберт Гизен иштирок этди. Юксак мартабали меҳмон ЮНЕСКО учун катта аҳамиятга эга бўлган ушбу муҳим тадбирни ташкил этгани ҳамда таълим-тарбия, илм-фан, маданият, коммуникация ва ахборот соҳаларини ривожлантириш, тарихий меросни ўрганишга қаратаётган эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида, юртимиздаги ташрифидан олган таассуротлари билан ўртоқлашар экан, жумладан, шундай фикр билдирди: “...ташрифим давомида мен ёш авлод вакиллари — ўқувчилар, талабалар, ёш олимлар ва оддий одамларнинг мамнун чеҳрасига алоҳида эътибор қаратдим.
Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон — келгуси тараққиёт учун ишончли пойдевор сифатида хизмат қиладиган ёшлардан иборат, ўқимишли, руҳи ва маънавияти юксак инсонлар мамлакати эканидан далолат беради”. Албатта, бундай самимий муносабат, дилдан айтилган фикр кўнгилга ўзгача фахр ва ифтихор ҳиссини бағишлайди.
Президентимиз бошчилигида тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, аждодларимиз бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, илм-фан, таълим соҳаларини изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро миқёсда кенг эътироф этиб келинмоқда. Хусусан, миллий маданиятни ривожлантириш, маданий-тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва ЮНЕСКО билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданиятлараро ва динлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда маданий ранг-барангликни қўллаб-қувватлаш борасидаги улкан хизматлари учун давлатимиз раҳбари ЮНЕСКОнинг икки олий нишони — “Абу Али ибн Сино” ҳамда “Боробудур” олтин медаллари билан тақдирланган.
Ўзбекистон билан ЮНЕСКОнинг алоқалари бундан кейин ҳам изчил ривожланиб бораверади.

Шавкат ОРТИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn