Бебаҳо хазина
  • 10 Февраль 2014

Бебаҳо хазина

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг шундай бебаҳо адабий хазинаси борки, у нафақат мамлакатимиз, балки дунё шеърият ихлосмандлари учун ҳам ниҳоятда қадрлидир.

Зеро, Навоий ижоди замон ва макон танламайди. Қаламга олинган мавзулар эса абадиятга дахлдор. Шу сабабдан Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва тадқиқ этиш ишлари тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётир.
Кеча Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида шоир адабий ва илмий меросини ўрганиш масалаларига бағишлаб ўтказилган анжуманда ҳам шу хусусда сўз борди.
Мазкур институт ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Навоий ижоди тадқиқотчилари, адиблар, журналистлар, мумтоз адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Тил ва адабиёт институти директори, профессор Н. Маҳмудов бошқарган тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Ҳазрат Навоий шахсияти ва ижодига муносабат тубдан ўзгарди. Натижада бугун шоирнинг асарларини янада чуқурроқ ўрганиш бўйича кўплаб тадқиқотлар қилинаяпти, илмий изланишлар кўлами кенгаймоқда.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида олиб борилаётган тадқиқотларнинг салмоқли қисми Навоийнинг барҳаёт меросини кенг тадқиқ этишга қаратилмоқда. Бундай изланишлар натижасида шоирнинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўплами чоп этилди. Шунингдек, ушбу асарнинг электрон муқобили яратилиб, интернет саҳифаларига жойлаштирилди.
Ватанимиз мустақиллигининг йигирма йиллиги арафасида эса Навоий асарларининг 10 томлиги китобхонлар қўлига етиб борди. Навоийшунос олимлар томонидан янги-янги илмий мақолалар, рисолалар яратилмоқда.
Олимларимиз Навоий асарларини тилшунослик нуқтаи назаридан ўрганиш бўйича ҳам салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда мазкур йўналишда шоир асарларининг янги изоҳли луғатини яратиш бўйича иш олиб борилаётир.
Алишер Навоий ижодий меросига хорижда ҳам қизиқиш тобора кучаймоқда. Асарлари турли тилларга муттасил таржима қилиниб, Москва, Токио, Боку каби шаҳарларда шоирга ҳайкал ўрнатилгани бунинг далилидир.
Тадбир доирасида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти томонидан Навоийнинг 573 йиллиги муносабати билан нашр этилган “Абадият гулшани” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Истеъдодлар ҳомийси Янги фильм намойиши »