Мўъжиза ҳайрати
  • 23 Октябрь 2014

Мўъжиза ҳайрати

Миллий ҳунармандчилик — халқимизнинг тарихий, моддий-маънавий меросини, орзу-истакларини ўзида мужассам этиб келаётган мерос. Уста-ҳунармандларимиз томонидан иштиёқ, маҳорат ва юксак дид билан яратилган меъморий обидалар, мадрасаю масжидлардаги муқарнас санъати жилолари акс этган гумбазу равоқлар, кошин ва наққошлик намуналари, қолаверса, миллий кийимлар, нафис буюмлар асрлар оша кишиларни ҳайратга солмоқда.

Қувонарлиси, ушбу фаолият тури мустақиллик туфайли қайта тикланди, соҳа кишилари қадр топди. Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ва жойларда унинг бўлимлари ташкил этилди. Бир пайтлар уста ва ҳунармандлар ўзлари яратган буюмларни сотиш, аҳолига етказишда турли тўсиқларга учраган бўлса, бугун ҳар бир туман ва шаҳарда ҳунармандлар марказлари, бозорлар ҳамда савдо мажмуаларида махсус савдо расталари ташкил этилган.
Қадимдан миллий ҳунармандчилигимизнинг йирик марказларидан бири саналган Самарқандда ҳам истиқлол йилларида ушбу соҳа жадал ривожланиб, ҳунармандлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бунда Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундай имкониятлар туфайли салкам уч минг йиллик тарихга эга бўлган ҳунармандчилигимиз кейинги йилларда қўлигул ҳунарманд ва усталаримиз томонидан сайқалланиб, такомиллашиб бораётир. Унинг анъаналари, услублари ҳунармандларимиз томонидан ўзлаштирилмоқда, янгича жилоланмоқда. Масалан, ХХ асргача Самарқанд вилоятида мавжуд бўлган, кейинчалик йўқолиб кетган металлга бадиий ишлов бериш, ип ва газламаларни табиий ранг билан бўяш, локли миниатюра санъати, кандакорлик, терига бадиий ишлов бериш, тўқимачилик қайтадан жонланди. Ганчкорлик, наққошлик, ёғоч ва тош ўймакорлигининг Самарқандга хос бўлган услуби тикланди. Кулолликнинг бир неча турлари равнақ топди. Каштачилик, зардўзлик ҳунарманд аёллар ўртасида қайта расм бўлди. Санъат усталари яратган бетакрор асарлар барчани лол қолдирмоқда.
— Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик ҳунармандларимизни янгича руҳ, ғайрат-шижоат билан ишлашга ундамоқда, — дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Акобир Ҳакимов. — Бу борада, айниқса, уста Нутфилла Саидов раҳбарлигида мис ва жез кандакорлиги мактаби ташкил қилинганлиги, Шоира ўаниева эса ип ҳамда газламаларга табиий ранг беришни йўлга қўйганлигини таъкидлаш ўринлидир. Шу мақсадда вилоятда исфарак, рўян, гулхайри каби ўсимликлар етиштириладиган жойлар пайдо бўлди. Миллий мусиқа асбоблари устаси, марҳум Ҳамроқул Ҳайдаров қадимий қўлёзмалар ва тарихий манбаларга таяниб, миллий мусиқа асбоблари ясаладиган мактаб-устахона яратди. Уста Баҳром Бердиев раҳбарлигида терига бадиий ишлов бериш тамоман қайта тикланди, унинг усталари етишиб чиқди. Мансур Нуруллаев ва Олим Шамсиев каби рангтасвир усталари қоғозга, ипакка ва силлиқланиб ишланган бошқа матоларга, қутига, сандиққа, қаламдонларга бетакрор миниатюра асарлари тушириш маҳоратини эгаллашди. Аҳмад Умаров Самарқанд миниатюра мактабини қайта тиклади. Шунингдек, ҳунарманд-хаттот Шавкат Истамов бебаҳо ва ноёб қўлёзма асарларини тиклаш, таъмирлаш, муқовалаш мақсадида қадимий хаттотликни кенг йўлга қўйди. Зариф Мухторов ўн йилга яқин вақт изланишлар натижасида Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш сирларини очди ва бундан 500 йил олдин ҳам қоғоз макони бўлган Конигилда тегирмон қуриб, қадимий услубда қоғоз ишлаб чиқаришни яна кенг йўлга қўйди.
Амалий санъатни халқнинг турмуш санъати, дейишади. Шу боис бугунги кунда бу санъатни вилоятимизда аксарият ҳунармандлар давом эттиришаётир. Хусусан, оқдарёлик ёғоч ўймакорлиги устаси Жамол Эсонов мазкур йўналишда фаол иш олиб бормоқда. У Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ва Мурод авлиё зиёратгоҳлари эшиклари ҳамда пештоқларини ўзининг ўймакорлик санъати билан безади. Шу билан бирга, тумандаги Арпа, Янгиобод қишлоқлари ёшларига бу ҳунар сирларини ўргатди. Масалан, 28 ёшли Зариф Худойбердиев, мустақиллик тенгдоши Умид Усмонов бугун моҳир ёғоч ўймакори бўлиб етишганлар. Устанинг яна бир шогирди Мақсуд Бекназаров эса “Уста Мақсуд Камолот” хусусий корхонасини ташкил этди.
Кулоллар сулоласи вакиласи Дилором Мухторова ҳозир гилмоя ва тупроқдан шундай ажойиб ҳайкалчалар ясайдики, кўриб ҳайратингиз ошади. Айниқса, безак бергандан сўнг уларга гўё жон киргандек бўлади. Нурободлик Малика Каримова тўқиётган жулхирс гиламлар эса дунё гиламчилигининг замонавий анъаналари билан ҳамоҳанглиги боис шуҳрат қозонмоқда.
Ҳунармандчилик бардавомлигини таъминлаш учун ёшларни ҳунар ўрганишга ва уларни бу иш билан шуғулланишга чорлаш мақсадида “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими томонидан “Уста — шогирд” мактаблари ташкил этилган. Бу мактабларни ўтаб чиққан ёшлар ҳисобига уюшма сафи кенгаймоқда, йўқолиб кетаётган бир неча қадимий ҳунар турлари қайтадан ривожлантирилди. Ўтган йили 11 хил ҳунарни ўргатиш бўйича 154 та ана шундай мактаб ташкил этилди ва 601 нафар ёш ҳунармандлар етишиб чиқди.
Уста ҳунармандлар маҳсулотларини кенг жамоатчиликка намойиш этишда республикамизда “Ташаббус” кўрик-танлови ўтказиб келинаётганлиги айни муддао бўлаяпти. Бу танловнинг асосий номинацияларидан бири “Энг яхши ҳунарманд” деб аталади. Ҳар йили мазкур тадбирда вилоят бўйича 50 дан зиёд ҳунарманд ўз маҳоратлари ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларини намойиш этади. Бундан ташқари, ҳунармандларимиз ҳар йили Тошкентда бўлиб ўтадиган республика ҳунармандларининг кўргазма-савдосида ва Шарқий Осиё ҳунармандларининг анъанавий савдо ярмаркаларида мунтазам қатнашишади.


Акрам ҲАЙДАРОВ,
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn