«Она юрт оҳанглари»
  • 22 Октябрь 2014

«Она юрт оҳанглари»

Мамлакатимизда истеъдодли ёшларни кашф этиш, уларни моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, республикамизда навқирон авлод вакилларига замон талаблари даражасида мусиқий таълимдан сабоқ беришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Бунинг натижасида айни пайтда юртимизда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда ушбу йўналишга ихтисослаштирилган 24 та лицей ва коллежлар фаолият юритмоқда.
Энг муҳими, уларнинг барчаси  миллий ва жаҳон мусиқа асбоблари, илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминланган. Бундай имконият ва шароитлар туфайли ёшларимиз нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ўтказилиб келинаётган қатор кўрик-танловлар, ижодий учрашувларда ҳам юксак натижаларга эришмоқда.
Жумладан, 2009 — 2014 йиллар мобайнида 452 нафар истеъдодли ёшларимиз Италия, Франция, Германия, Англия, Австрия, Япония, Руминия, Россия, Португалия каби ўнлаб давлатларда бўлиб ўтган нуфузли халқаро танловларда ғолиб чиқишди. Бу, албатта, жаҳон ҳамжамиятида “ўзбек модели” деб тан олинган миллий таълим тизимимизнинг улкан ютуқларидан биридир.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурига мувофиқ, айни кунларда юртимиз тарихида илк маротаба 12 — 19 ёшдаги санъатга иштиёқманд ўсмирлар ўртасида халқ чолғулари бўйича “Она юрт оҳанглари” номли халқаро танлов ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда дунёнинг 10 дан ортиқ давлатидан 70 дан зиёд иқтидорли ёшлар қатнашмоқда.
“Она юрт оҳанглари” халқаро танлови доирасида санъат усталари билан ижодий учрашувлар, маҳорат сабоқлари ўтказилиши, шунингдек, меҳмонларнинг қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилиб, уларни тарихий обидалар, шаҳардаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти билан таништириш режалаштирилган.
— Ушбу йирик тадбир мамлакатимизда мусиқий таълим ривожига берилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир, — дейди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Феруза Абдураҳимова. — Бунда ёшларимиз хориждаги тенгқурлари билан ижодий мулоқот қилиш билан бирга, уларни миллий мусиқамизнинг бетакрор оҳангларига ошно этишади. Ишончимиз комилки, бу танлов фарзандларимизнинг иқтидорини синашда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда пойтахтимиздаги қатор мусиқа ва санъат мактабларида ўтказилаётган мазкур танлов 25 октябргача давом этади.


Дилмурод СОДИҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Аждодлардан мерос ганжина Мўъжиза ҳайрати »