Ёрқин таассуротлар, унутилмас лаҳзалар
  • 14 Октябрь 2014

Ёрқин таассуротлар, унутилмас лаҳзалар

Пойтахтимизда еттинчи халқаро Тошкент фотобиенналеси якунланди. Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Тошкент Фотосуратлар уйи томонидан ташкил  этилган мазкур тадбир, айтиш жоизки, бир ҳафта давомида чинакам санъат байрамига айланди.

Унда юртимиз ижодкорлари, шунингдек, Буюк Британия, Германия, Франция, Испания, Италия, Руминия, Канада, Бразилия, Беларусь, Япония, Латвия, Литва, Эрон, Қозоғистон сингари 32 та мамлакат вакилларининг 1500 дан зиёд бадиий асарлари намойиш этилиши, ушбу фотосуратларнинг пойтахтимиздаги санъат галереялари ва кўргазма залларидан ташқари, Бухоро шаҳридаги музейларда ҳам ихлосмандлар эътиборига ҳавола қилинганлиги тадбирга ўзига хос кўтаринкилик бағишлади. 
Бу йилги Тошкент фотобиенналеси “Ўхшашлик. Тасаввур ва борлиқ” шиори остида ўтказилиб, анжуман доирасида иштирокчилар томонидан турли мавзулардаги 55 та лойиҳа тақдим этилди.
Ташкилий қўмита суратларни тўрт йўналишда, яъни “Энг яхши бадиий фотоасарлар учун”, “Энг яхши бадиий фотоасарлар туркуми учун”, “Энг яхши ҳужжатли фотоасарлар учун” ҳамда “Энг яхши ҳужжатли фотоасарлар туркуми учун” деб номланган номинациялар бўйича баҳолади. Диққатга сазовор ижодий ишлар муаллифлари Ўзбекистон Бадиий академиясининг махсус дипломи ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.  
— Фотобиенналеда иштирок этиб, жаннатмонанд диёрни кўришга, Тошкент, Бухоро каби афсонавий шаҳарларни томоша қилишга муваффақ бўлганимдан беҳад мамнунман, — дейди озарбайжонлик иштирокчи, “Энг яхши ҳужжатли фотоасарлар туркуми учун” номинацияси ғолиби Эльгар Жафаров. — Бу ерда ижодкорни илҳомлантира оладиган гўзал манзиллар кўп экан. Ҳайратланиб суратларга муҳрлаб олдим.
Айтиш керакки, дастлабки тадбирлар Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида бошланди. Хусусан, франциялик фотоижодкор Пайрамнинг “Ўзбекистонга саёҳат” деб номланган асарлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Муаллифнинг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги тарихий обидалар, истиқлол йилларида бунёд этилган замонавий мажмуаларни ўзига хос тарзда суратга олганлиги алоҳида эътиборни тортди.
Ҳафталикнинг аҳамиятли лойиҳаларидан яна бири — Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамда Тошкент Фотосуратлар уйида бўлиб ўтган халқаро кўргазмаларда япониялик, италиялик, беларуслик, руминиялик ҳамда қозоғистонлик санъаткорларнинг миллий анъаналар акс эттирилган суратлари тақдим этилганидир.
— Биз пойтахтингиздаги санъат кошоналарида ўтказилган кўплаб кўргазмаларда қатнашдик, — дейди япониялик санъатшунос Мари Микаши. — Ҳар бир юртнинг ўзига хос менталитети, ўтмиши, бой маданияти ва бугунги ҳаёт тарзи таъсирчан тасвирлар орқали ифодаланганлиги ижодкорга бир олам завқ беради. Айниқса, мезбон юрт — Ўзбекистоннинг тарихи, Самарқанд, Бухоро, Хива каби кўҳна шаҳарлари, Тошкентдаги замонавий архитектура иншоотлари, муҳташам маданият масканлари менда олам-олам таассурот қолдирди.
Бу йилги Тошкент халқаро фотобиенналесида ўзбекистонлик ёш иқтидор эгалари ҳам фаол қатнашишди. Чунончи, Ўзбекистон амалий санъат музейида Темур Қурбонбоевнинг ижод намуналари намойишга қўйилди. “Наврўз рақси” деб номланган ушбу фотожамламада халқимизнинг энг ардоқли айёмлари, ўзбек миллий рақслари, уларнинг жозибадорлиги акс этган суратлар ўрин олди. Пойтахтимиздаги “Дархон” бизнес марказида эса Муҳиддин Али ва Динара Д. ижодий жуфтлигининг спорт билан шуғулланувчи турли ёш ҳамда касбдаги инсонларнинг соғлом турмуш тарзини ифодалайдиган фотоасарлари тақдимоти йиғилганларда илиқ таассуротлар уйғотди.
Тошкент халқаро фотобиенналеси доирасида Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган “Болалик майдони” деб номланган кўргазма-танловида юртимиз ва хорижлик ижодкорлар болаликнинг беғубор дамларини ифодаловчи асарлари билан қатнашдилар. 
Еттинчи халқаро Тошкент фотобиенналесининг Гран-при соврини ўзбекистонлик фоторассом Фарҳод Каримовга насиб этди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn