Миллий таомлар фестивали
  • 20 Сентябрь 2014

Миллий таомлар фестивали

Ҳар бир халқнинг урф-одатлари, анъана ҳамда маросимлари, шу билан бирга, миллий таомлари ҳам алоҳида жозибаси ва хусусиятига эга. Пойтахтимизда Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Тасанно — 2014” миллий таомлар фестивалида бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Фестиваль Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши томонидан юртимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда миллий маданият марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар ходимлари, дўстлик жамиятлари вакиллари ҳамда чет эллик меҳмонлар қатнашди.
Таъкидланганидек, истиқлол йилларида халқимиз бой маданий меросининг узвий қисми бўлган турли анъана ва маросимларимиз кенг миқёсда нишонланиб келинмоқда. Айниқса, байрамларимизда ёзиладиган файзли дастурхонлардаги миллий таомлар хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Энг муҳими, бундай тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, турли соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантиришга асос бўлаётир.
Мазкур фестивалда иштирокчилар ва меҳмонлар ўзбек, хитой, латиш, ҳинд, араб, турк, итальян ҳамда бошқа халқларнинг миллий таомлари, урф-одатлари билан яқиндан танишишди.
— Ўзбекистонга иккинчи бор келишим, — дейди айни пайтда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Ўмон Султонлиги Вазирлар Маҳкамаси Миллий девонхонаси раиси Ҳамад бин Муҳаммад ал-Давяний. — Бу муқаддас юртнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида биламан. Айниқса, ўзбекларнинг меҳмондўстлиги, бағрикенглиги ва олижаноблиги жаҳонга машҳур. Ширин-шакар ноз-неъматлари, миллий таомларини бир тотган киши яна қўмсайди.
Танлов якунида Ўмон Султонлиги элчихонаси вакили Гран-прига сазовор бўлди. Биринчи ўринга Корея Республикаси, иккинчи ва учинчи ўринларга эса Миср ҳамда Ҳиндистон элчихоналари ходимлари муносиб кўрилди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn