Истеъдодлар ҳомийси
  • 07 Февраль 2014

Истеъдодлар ҳомийси

Навоийдаги зийраклик, ҳушёрлик каби фазилатлар барча замондошлари учун ибрат бўлгулик эди.

Унинг энг юксак фазилатларидан бири адолат билан иш кўриши, доим ҳақиқат ва эзгулик учун курашиши эди. Айниқса, шоирнинг ободончилик, илм-фан ривожи борасида олиб борган ишларининг қиёси йўқ.
Алишер Навоий китобни жуда қадрлаган. Буни унинг Ҳиротда солдирган “Унсия” биноси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бу бинода Навоий ўзи яшаган ҳамда мукаммал кутубхона барпо эттирган. Ундан барча илм ва санъат аҳли фойдаланарди. Мирхонд ва Хондамир каби тарихчилар ўз асарларини шу кутубхонада ёзганлар.
Энг муҳими, Алишер Навоий кўплаб истеъдодли ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратди. Машҳур тарихчи Хондамир, хаттот Султон Али, мусаввир Беҳзод ва бошқалар Алишер Навоий ҳомийлигида камолга етдилар.
Зайниддин Восифий “Бадое ул-вақое” асарида: “Султон Ҳусайн кўнгилхушлиги учун сеҳрофарин мусаввирлар ва услуби гўзал наққошларни аъло даражада пойтахтида сақлаб, уларга зўр илтифот кўргузди”, деб ёзади. Улар орасида Шоҳ Музаффар, Қосим Али, Мавлоно Ҳаким Муҳаммад каби истеъдодли мусаввирлар бўлган.
Беҳзоднинг Саъдийнинг “Бўстон” асарига ишлаган миниатюраси, Низомий Ганжавийнинг “Хамса”сидаги “Лайли ва Мажнун”, Хисрав Деҳлавийнинг “Мажнун ва Лайли” асарларига ишланган миниатюралари унинг ниҳоятда моҳир мусаввир эканлигидан далолат беради. Бу асарлар ниҳоятда мукаммал, нафис ва нозик, ранглари ёрқин, жозибадор, композицияси мураккаб ва эркин, манзара ишонарли ҳамда таъсирчан.
Ўз замонаси ва ундан кейинги даврларда яшаган тарихчи, шоир, мусаввир ҳамда бошқа санъат мухлислари Беҳзод ижодига катта баҳо берганлар. Тарихчи Хондамир “Ҳабиб ус-сияр” асарида бундай деб ёзган: “Камолиддин Беҳзод ажойиб ва ғаройиб суратларни зоҳир қилувчи, ҳунар нодирликларини бунёд этувчи, Моний каби сурат чизувчи, мўйқаламли, олам мусаввирлари асарларини йўққа чиқарувчи ва мисли йўқ бармоқлари билан одам ҳунармандлари тасвирларини маҳв қилувчидир...”
Fарб олимлари Беҳзодни Уйғониш даврининг буюк санъаткорларидан бири Рафаэлга тенглаштирадилар. Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, Беҳзод асарлари, яъни унинг мўйқалам билан яратилган миниатюралари жаҳоннинг буюк рассомлари асарлари билан бир қаторда туради. Зеро, кўп кишилик саҳна манзараларининг ниҳоятда ёрқинлиги, ҳаракатчанлик, жўшқинлиги билан Беҳзод ижоди Европадаги манаман деган буюк рассомларнинг ижодий анъаналарига ҳамоҳангдир. Албатта, бунда, шубҳасиз, Алишер Навоийнинг хизматлари жуда катта. Агар Навоий ҳазратларининг эътибори бу ўсмирга тушмаганда, балки у жаҳонга машҳур Беҳзод бўлолмасмиди?
Алишер Навоий умрининг охиригача сермаҳсул ижод қилиш билан бирга, қатор мадраса, кутубхона, шифохона, ҳаммом ва шунга ўхшаш бинолар солдирди. Кўплаб ободончилик ишларига бош-қош бўлди. Олимлар, шоирлар, тарихчи ва мусаввирларни катта-катта асарлар яратишга даъват этди, уларга ҳар томонлама ёрдам берди. Ўзи ҳам бу борада алоҳида ибрат кўрсатди. Шунинг учун ҳам Бобур Мирзо ўзининг “Бобурнома” асарида: “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарга Алишербекча мураббий ва муҳаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай”, деб ёзган эди.
Хуллас, буюк мутафаккир, серқирра истеъдод соҳиби Навоийнинг юксак фазилатлари биз учун бугунги кунда ҳам барча соҳада ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилиши, ўлмас, бетакрор асарлари эса озод ва обод Ватанимизда ноёб истеъдод соҳибларини тарбиялашда муҳим омил вазифасини ўташи, шубҳасиз.

Салима МИРЗАЕВА,
Андижон давлат университети профессори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn