Эзгулик мангу яшайди
  • 13 Сентябрь 2014

Эзгулик мангу яшайди

Ота — фарзанднинг суянган тоғи. Шунинг учун бўлса керак, бола ҳар доим отага ўхшашга, унинг йўлидан юришга ҳаракат қилади. Албатта, бунда оилавий муҳит, ўзаро ишонч, юксак маънавий муносабатлар уйғунлиги жуда муҳимдир.

Алишер Навоий номидаги киносаройда тақдимоти ўтказилган “Ота” бадиий фильмида оталик масъулияти, унинг фарзанд тарбиясидаги ўрни хусусида фикр юритилади.
Айтиш керакки, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг онгу шуурида миллий ва умуминсоний қадриятларни қарор топтиришдек олижаноб ғояларга йўғрилган қатор бадиий фильмларни юртдошларимизга намойиш этиб келаяпти.
Чунончи, “Ота” фильмида ҳам халқимизнинг инсонпарварлик, меҳр-оқибат, беғаразлик ва эзгулик каби хислатлари тасвирга олинган.
Фильмнинг бош қаҳрамонлари — Собир ака ва унинг ўғли Муроджон. Ота узоқ муддатли айрилиқдан сўнг оиласи бағрига қайтгач, кенжа ўғлининг автоҳалокат туфайли ногирон бўлиб қолганини кўради. Юрак-бағри эзилиб, ўйга толади, вақтида жигарбандининг тарбиясига беэътибор бўлгани, ғамхўрлик кўрсата олмагани туфайли мана шундай кўргиликлар оиласи бошига тушганини англаб етади. У фарзандига ниҳоятда кераклигини ҳис қилади. Шу боис ногирон ўғлида ҳаётга муҳаббат ўтини алангалатиш учун юртимиз бўйлаб сафарга чиқади. Бири-биридан гўзал гўшаларни томоша қилиб, ўзи сингари оддий, самимий инсонлар билан суҳбатлар қуради. Уларнинг инсонпарварлиги, олижаноблигини кўриб қатъий хулосага келади: эзгулик ҳеч қачон изсиз кетмайди, у одамларнинг юрагида мангу яшайди.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси асосида “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Ота” фильмининг сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёри Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Абдухалил Менгноровдир. Бош ролларни Карим Мирҳодиев, Фотиҳ Очилов каби бир қатор истеъдодли актёрлар ижро этган.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn