«Камолот»чиларга автобус туҳфа қилинди
  • 12 Сентябрь 2014

«Камолот»чиларга автобус туҳфа қилинди

Президентимизнинг шу йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёш авлод камолоти йўлидаги эзгу ишлар кўламини янада кенгайтиришда дастуриламал бўлаётир.

Хусусан, мазкур ҳужжат ижроси доирасида Хоразм вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси томонидан воҳанинг барча шаҳар ва туманларида таниқли санъаткорлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танлови ғолиблари ҳамда ёш истеъдодли хонандалар ва бадиий ҳаваскорлар иштирокида хайрия концертлари ташкил этилди. Ундан йиғилган маблағ ҳисобидан энг сўнгги русумдаги “Isuzu” автобуси харид қилинди.
Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий номидаги хиёбонда “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ташкил этилган ёшлар фестивалининг очилиш маросимида ушбу транспорт воситаси тантанали равишда “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгашига туҳфа қилинди.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тадбиркор истироҳат боғи барпо этди
“Тошкент — Ўш” автомагистралининг Оҳангарон туманидаги қисмидан кунига 15 мингдан зиёд автомобиль ўтади. Бу, табиийки, ҳудудда йўл инфратузилмасини муттасил такомиллаштириб боришни тақозо этади.
Худди мана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, оҳангаронлик тадбиркор Акмал Комилов катта йўлга ёндош 4 гектарлик ҳудудда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш маркази яратишга киришганди. Яқинда лойиҳанинг биринчи навбати — мўъжаз истироҳат боғи ва болалар майдончаси хизмат кўрсата бошлади. Боққа хориждан аттракционлар келтириб, ўрнатилди.
— Лойиҳамизни амалга оширишда банк ажратган 4 миллиард 600 миллион сўмлик молиявий мададдан фойдаланаяпмиз, — дейди тадбиркор. — Айни пайтда қурилиш-ободонлаштириш ишларини жадал давом эттираяпмиз. Тез орада бу ерда 4 та умумий овқатланиш шохобчасидан иборат муҳташам мажмуа ҳамда 10 га яқин савдо ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари қуриб битказилади.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Электрон кутубхона
Қашқадарё вилояти ахборот-кутубхона марказида “Электрон кутубхона” фаолияти йўлга қўйилди.
Шу тариқа бу ерда 70 мингга яқин китобларнинг электрон каталоги яратилди.
Хусусан, 70 та чет тиллардаги адабиёт ушбу виртуал каталогга киритилди. 400 дан ортиқ адабиётларнинг тўлиқ электрон матни фойдаланувчилар учун тақдим этилди.
— Китобхонларимиз dilib.uz сайти орқали ўзи истаган китобни топиб ўқиш ёки уларни электрон қурилмаларига кўчириб олиш имконига эга бўлдилар, — дейди “Электрон кутубхона” бўлими мудири Лобар Пармонова. — Ҳозир бу ерда 82404 та бадиий адабиёт, 183 та нодир асар сақланмоқда. Шунингдек, чет тиллардаги 2461 китобимиз мавжуд. 

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Булоқ сувидек шаффоф
Жорий йилнинг олти ойида Сирдарё вилоятидаги 36 та қишлоқ аҳолисининг ичимлик суви таъминоти маҳаллий ер ости сувлари ҳисобига тубдан яхшиланди.
Яъни гидрогеологлар ёрдами билан турли ҳудудлардан 11 тоза обиҳаёт манбаи топилди.
Натижада катта сарф-харажат эвазига узоқ масофалардан қувур тортиб келишга ҳожат қолмади. Асосийси, мутахассислар текширувига кўра, 250-350 метр ер қаъридан тортиб олинаётган ичимлик суви булоқникидан қолишмаслиги маълум бўлди.
Эътиборлиси, янги сув узатиш объектларини барпо этишда энг замонавий насослар ҳамда полиэтилен қувурлардан фойдаланилди. Бу эса таъминот сифати ва узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
— Шу кунларда яна 28 та объектда қазиш, қуриш ва қувур тортиш ишлари бажарилмоқда, — дейди Сирдарё вилояти “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг” компанияси директори ўринбосари Аброр Рўзиев. — Бунинг учун 8 миллиард 900 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфлаш мўлжалланган. Ушбу  ишлар якунлангач, яна кўплаб қишлоқлар аҳолисининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Мозийга саёҳат Эзгулик мангу яшайди »