Маданий алоқаларнинг амалий ифодаси
  • 10 Сентябрь 2014

Маданий алоқаларнинг амалий ифодаси

Аввал хабар қилинганидек, кеча пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида “Узоқ ва яқин Ўмон” номли кўргазма очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, хорижий дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Фанлар академияси, Халқаро Амир Темур хайрия фонди, Ўмон Султонлигининг мамлакатимиздаги элчихонаси, ушбу давлатнинг Вазирлар Маҳкамаси Миллий девонхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон ҳамда Ўмон ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ҳамкорлик тамойиллари асосида изчил ривожланаётганлигини алоҳида таъкидладилар.
Икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар йўлга қўйилган. Ўмон араб дунёсининг нуфузли давлатларидан. Ўмон билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун бошқа араб мамлакатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашнинг янги имкониятларини очади. Ўз навбатида, Ўмон Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги етакчи давлат сифатида қарайди. Мамлакатимиз билан алоқаларни кенгайтириш орқали бутун минтақа билан ҳамкорликни ривожлантириш имконияти пайдо бўлади.
Ўзбекистон ҳам, Ўмон ҳам ёқилғи-энергетика мажмуида улкан салоҳиятга эга, қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажриба орттирган. Нефть-газ соҳасида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма тадқиқотлар олиб боришдан икки томон ҳам манфаатдор. Икки мамлакат ҳам сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида яхши имкониятларга эга. Хусусан, Ўмонда Ўзбекистоннинг тарихий обидаларини, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилишга қизиқиш катта.
ISESCO томонидан Тошкентнинг 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилингани Ўмонда катта мамнуният билан кутиб олинган эди. Халқларимиз кўплаб муштарак анъана ва қадриятларга эга эканлиги гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон билан Ўмон ўртасида илм-фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Айтиш жоизки, “Узоқ ва яқин Ўмон” деб номланган мазкур кўргазма ҳам ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, янада ривожлантиришга хизмат қилади.
— Мазкур ҳужжатли ва маданий кўргазмада Ўмоннинг қадимий тарихи, тамаддуни, бугунги ҳаёти ва ўмонликларнинг турмуш-тарзи ҳикоя қилинмоқда, — дейди Ўмон Султонлиги Вазирлар Маҳкамаси Миллий девонхонаси раиси Ҳамад бин Муҳаммад ал-Давяний. — Яна бир муҳим томони, кўргазма Ўмоннинг бошқа давлатлар билан тинчлик, биродарлик ва самимийлик тамойилларига асосланган алоқаларини ифодалайди.
18 сентябрга қадар давом этиши кўзда тутилган мазкур кўргазмадан жой олган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа йўналишларга оид ҳужжатлар Ўмон Султонлигининг қадимий ва бой тарихидан сўзлайди. Бу ерда, шунингдек, қадимий қўлёзмалар, тангалар, маркалар, халқ амалий санъати намуналари ҳам намойиш этилмоқда.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов сўзга чиқди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn