Азалий ришталар рамзи
  • 03 Сентябрь 2014

Азалий ришталар рамзи

Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги кенг нишонланаётган айни кунларда пойтахтимизда янги Сеул боғи фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, халқаро ҳамда дипломатик корпус вакиллари, юртимиздаги маданият марказлари фаоллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири М. Ҳожиматов, Сеул шаҳри вице-мэри Им Жонг Сок, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хён ҳамда бошқалар фойдаланишга топширилган мазкур боғ халқларимиз ўртасида йил сайин ривожланиб бораётган дўстлик ва ҳамкорлик ришталарининг ўзига хос рамзи эканлигини таъкидлашди.
Айтиш жоизки, ушбу боғ Президентимизнинг 2010 йил февраль ойида давлат ташрифи билан Корея Республикасига қилган сафари чоғида икки мамлакатнинг пойтахти маъмуриятлари ўртасида имзоланган битим асосида бунёд этилди. Ушбу маскан Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилди.
— Ҳам ўзбек, ҳам корейс халқи учун қадрли бўладиган бу боғ Ўзбекистон пойтахтининг энг сўлим гўшаларидан бирида кўҳна Корея маданияти ёғду таратадиган гўзал маскан вазифасини ўташига ишонаман, — дейди Сеул шаҳри вице-мэри Им Жонг Сок. — Ўз навбатида, барча ўзбекистонликларни қутлуғ сана билан муборакбод этаман.
Сеул боғи пойтахтимизда жойлашган Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи қошида ташкил этилди. Боғдаги ранг-баранг шийпонча ва айвонлар, сунъий ҳовуз ҳамда дарахтлар пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига корейс халқи маданиятини теран ҳис этиш имконини беради.
Боғнинг очилиш маросимида ўзбекистонлик ва кореялик санъат вакиллари иштирокидаги бадиий дастур кечага ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов сўзга чиқди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn