Ибратга муносиб, эъзозга мушарраф
  • 05 Февраль 2014

Ибратга муносиб, эъзозга мушарраф

Мумтоз қўшиқ янграмоқда. Ундаги сўз ва соз уйғунлиги дилни сеҳрлайди:

Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас монеъ
Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил...
Бу бетакрор хонишни тинглаганда, хаёл узоқ-узоқларга парвоз этади. Ва беихтиёр ҳушёр тортиб, шу дам, шу олаётган нафас учун шукроналар айтасиз. Зеро, донишмандлар баҳорнинг кузи, ёзнинг қиши бор, деган нақлни бежиз айтишмаган. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам:
Бу гулистон аро булбулға раҳм қил, эй гул,
Ки “ҳай” дегунча хазон юзланиб, баҳор борур,
дея латиф бир тарзда таъкидлаганлар.
 “Хазойин ул-маоний”дан жой олган шеърларда ҳам шоирнинг умр поёни ҳақидаги фикрлари акс этган сатрлар оз эмас. Лекин нисбатан бу мавзудаги назм жавоҳирлари табиий тарзда ўз номига монанд “Фавойид ул-кибар” (“Кексалик фойдалари”)да кўпроқ учрайди.
Шоир фикрича, киши умрининг ҳар бир фаслини, яъни болалиги — баҳорини, йигитлиги — ёзини ҳам, ўрта яшарлигию кексалиги — кузи ва қишини ҳам хайрли ишларга, эзгу амалларга сарфламоғи даркор.
Илм олиб, касб-кор эгалламаган, элга бирор бир нафи тегмаган, ўзидан яхши из қолдирмаган кимсанинг иши афсус ҳамда пушаймонликдир. “Маҳбуб ул-қулуб”да таъкидланганидек, бундай киши кексайса “ҳасрат ва надомат ёшининг сели бадан деворини йиқади. Номуродликлар зиндони — будир; ноумидликлар харобаси — будир”.
Ҳаётини беҳуда ўтказиб охирида хорликка мубтало бўлган ва оқибатда яшашдан безган кимсага “Кўп яшанг, умрингиз узоқ бўлсин!”  дея қилинган тилак ҳам ғалати, худди қарғишдек туюлса, ажаб эмас.
Йигитлигида киши қилмади итоати амр,
Не суд чун қариди, нечаким пушаймондур...
...Не турфа ишки, биров чун ториқти умридин,
Деса “узун яша” қарғишдур анга бу алқиш.
Шоир қарашича, ёши улуғларнинг улкан масъулияти ҳам бор. Уларнинг сўзида, хатти-ҳаракатларида умр сабоқлари, ҳаёт тажрибалари акс этмоғи, ҳар қадамлари ибрат бўлмоғи лозим.
“Қарилик ёшлик майига хуморликдир, йигитликдаги соғломликни ҳасрат-ла қўмсашликдир” (“Маҳбуб ул-қулуб”) дея уқтирган мутафаккир кексаларни ёшига муносиб ҳаракатларга даъват этар экан, “Эй Навоий, ҳузн ила ўткар қарилиғ меҳнатин,” дея қатъий аҳдини билдиради. Зеро, ёшларни яхшиликка чорлаб, шукроналик ила дуога қўл очган нуроний отахону онахонлар ҳамиша ҳар жойда ибратга муносиб, эъзоз ва ҳурматга мушаррафдир.

Отабек ИСМОИЛОВ,
Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Миллий рақс нафосати Истеъдодлар ҳомийси »