Термиз манзумаси
  • 26 Август 2014

Термиз манзумаси

Шаҳарнинг “Амир Темур” ордени билан мукофотланиши шарафига

Уч минг йиллар аро чамалаб кўрсам,
Уч минг асрлардан сурон етишгай.
Уч минг тепанг узра уч минг оҳ урсам,
Уч минг армонимга армон етишгай.

Искандар, Доролар топтаб ташлаган
Ғиштлардан умрини қайта бошлаган,
Одамзод наслига бўлган тош лаган
Қадим тоғларингдан қалқон етишгай.

Қадим Бохтар замин, яъни Бақтрия,
Асрларга етгай битсам фахрия,
Боқиб Термизийнинг қадду қадрига
Менга минг бир шеъру достон етишгай.

Навқирон Темурбек бунда руҳ олган,
Саид Баракадан фатво, туғ олган.
Беш яшар Улуғбек завқ, шукуҳ олган
Маъвода — заминга осмон етишгай.

Минг йиллик ҳадислар гуллаган диёр,
Навоий бобонинг сенда изи бор.
Қуллуқ бажо айлаб такрор ва такрор
Сенга араб етгай, ёпон етишгай.

Буюк Ипак йўл бу — манзил, маконлар,
Карвонлар келдилар, кетди карвонлар.
Ору номусингдан тиклаб қўрғонлар
Беш юз йилда бир мард сорбон етишгай.

Шаҳрим, она шаҳрим, онажон шаҳрим,
Илм ила ҳикматдан нурафшон шаҳрим.
Ҳар бир ўғил-қизинг бир жаҳон, шаҳрим,
Бир гулга минг битта бўстон етишгай.

Ҳазрат Соҳибқирон кўксингда порлаб,
Мардлик, матонатга турганда чорлаб,
Кўнгил рубобида жаранглаб торлар,
Биздай шоирларга даврон етишгай.

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn