Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи
  • 21 Август 2014

Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи

Президентимизнинг шу йил 1 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан жойларда “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида маърифий учрашувлар, мулоқот ва суҳбатлар, маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида бўлиб ўтган адабий-бадиий кеча ҳам ушбу айёмга бағишланди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ҳарбий хизматчилар қатнашди.

Тадбирда сўз олганлар таъкидлаганидек, мустақиллик йилларида эришган энг катта бойлигимиз, шубҳасиз, тинч-тотув ҳаётимиз, кун сайин фаровонлашиб бораётган турмушимиз, миллий анъана ҳамда қадриятларимизнинг қайта тикланганидир. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимиз юксалиб, юртимизнинг ҳар гўшаси тобора чирой очмоқда, ўзгаларнинг ҳавасини тортадиган беқиёс ютуқ ва марралар қўлга киритилмоқда.

Мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки кайфиятда кутиб олинаётган энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг йигирма уч йиллик байрами ҳам она-Ватанимизда ҳукм сураётган осойишталик, турли миллат ва элатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, дўстлик ҳамда тотувлик билан бевосита боғлиқдир. Зеро, тинч ва обод юртга шодиёналар ярашади.

— Истиқлол — энг улуғ неъмат, — дейди муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Санжар Ваҳобов. — Уни кўз қорачиғимиздек асраш ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиздир. Айниқса, ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги замонда мустақиллик берган имкониятларнинг аҳамиятини янада теранроқ ҳис этмоқдамиз. Шу боис доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшмоғимиз лозим.

Адабий-бадиий кечада Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ижодкорлари ҳамда таниқли санъаткорларнинг Ўзбекистонимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари барчага байрамона кайфият бағишлади.

Фазлиддин АБИЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Муқаддас диёр мадҳи Маънавият кўзгуси »