Аждодлар хотирасига эҳтиром
  • 20 Август 2014

Аждодлар хотирасига эҳтиром

Истиқлол йилларида миллий қадриятларни тиклаш, тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш, азиз сиймолар хотирасини эъзозлаш, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар фаолиятини, уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш, тарихий адолатни қарор топтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 1999 йил 12 май куни эълон қилинган қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштиришга оид Фармойиши мустамлакачилик зулми натижасида маҳв этилган минглаб ватандошларимизнинг хотирасини абадийлаштиришда дастуриламал бўлди. Хусусан, “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси тузилиб, пойтахтимизда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси қад ростлади.

Президентимизнинг 2001 йил 1 майдаги “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармонида “Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номуси, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади. Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди”, дея қайд этилган. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши мазкур йўналишдаги тадқиқотларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, мустамлакачилик даврида миллий истиқлол ва тараққиёт йўлидаги интилишлари учун ноҳақ жабр кўрган ватандошларимизнинг исм-шарифларини аниқлаш, таржимаи ҳоллари ва фаолиятларини ўрганиш орқали уларнинг хотираларини абадийлаштиришга кенг имконият яратди.

Сўнгги йилларда амалга оширилган илмий-маънавий тадбирларнинг меваси ўлароқ, “Катта қирғин”нинг келиб чиқиш сабаблари ва омиллари”, “Жабрдийда ёзувчилар адабий мероси мустақиллик хизматида”, “Катта қирғин”нинг келиб чиқиши арафасидаги сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий шароит” каби тўпламлар нашр қилинди. Ўзбекистонда илк бор эълон қилинган мазкур ҳужжатлар алоҳида аҳамиятга эга. Чунки уларда қатағон қурбонларининг  аянчли қисмати, уларнинг оилаларига нисбатан қилинган шафқатсиз зўравонлик ҳолатлари яққол акс эттирилган.

Собиқ тузум томонидан 1937 — 1953 йилларда қатағон қилинган 100 мингдан ортиқ юртдошларимиздан, нари борса, 20 минги номма-ном аниқланган. Бугунги кунда тарихчи олимларимиз олдида қолган юртдошларимизни ҳам аниқлаш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, мазкур даврга нисбатан ҳаққоний баҳо беришдек муҳим вазифа турибди. Ҳозирги кунда “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди ва музей илмий ходимлари саъй-ҳаракати натижасида вилоятлар бўйича Хотира китобларини нашрга тайёрлаш ишлари қизғин кетмоқда.  

Шу ўринда таъкидлаш керакки, 2014 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ва “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди ҳамкорлигида “Маҳмудхўжа Беҳбудий меросининг миллий ғоя тарғиботидаги аҳамияти” мавзуида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди. Унда соҳа олимлари иштирокида мазкур масала кенг муҳокама қилинди. Тўплам драматург, публицист ва жамоат арбоби Беҳбудийнинг ҳуррият ғоялари акс этган асарлари, умуман, ижодий меросининг баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамиятини теран ўрганишга бағишланган. Илмий мақолалар тўплами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг “1937 — 1938 йиллардаги сиёсий қатағон: “Катта қирғин”нинг келиб чиқиш сабаблари ва фожиавий оқибатлари” мавзуидаги амалий тадқиқот лойиҳаси доирасида нашрга тайёрланди ва чоп этилди. Худди шунингдек, бу йил май ойида “Абдулла Қодирий ижодининг миллий ғоя тарғиботи ва баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамияти” мавзуидаги республика илмий-амалий анжумани ўтказилди. “Тарихнинг номаълум саҳифалари” китобининг бешинчи нашри мамлакатимиз истиқлолининг 23 йиллигига совға сифатида нашрга тайёрланмоқда.

Умуман, мустақиллик йилларида тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш, мустабид тузум йилларида қатағон этилган фидойи ватандошларимизнинг мўътабар хотирасини абадийлаштириш мақсадида кенг қамровли ишлар олиб борилаяпти. Зотан, миллатни ҳурлик ва эркинликка чорлаган, мустабид тузум йилларида қатағон этилган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш ёшларимиз қалбида аждодларимиз руҳига эҳтиром, ижтимоий адолат тантанасига ишонч, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бахтиёр ҲАСАНОВ, 

«Шаҳидлар хотираси» жамоат фонди

раёсати раиси, «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Она юрт тараннуми Муқаддас диёр мадҳи »