Она юрт тараннуми
  • 20 Август 2014

Она юрт тараннуми

Мустақиллигимизнинг 23 йиллигига  бағишлаб ўтказилаётган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи якунига етди.

“Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган танловнинг тантанали очилиш маросимида сўз олган Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И. Латипов, Ўзбекистон халқ шоири М. Тоиров ва бошқалар мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йўли, кўз ўнгимизда рўй бераётган асрларга татигулик юксалишлар, замондошларимиз тафаккуридаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб, бу ютуқлар юртимиз қалам аҳлини ҳам янги ижодий марралар сари илҳомлантираётганини таъкидладилар.

Бу галги танловда пойтахт вилоятилик 70 дан ортиқ ижодкорлар 500 га яқин журналистик, адабий-бадиий асарлари ҳамда тасвирий санъат йўналишидаги изланишлари билан иштирок этдилар. Шу куни уларнинг хилма-хил жанр ва ранг-баранг услубларда яратган асарларидан иборат ижодий кўргазма ҳам ташкил этилди.

Якунда “Энг улуғ, энг азиз” танлови вилоят босқичининг бу галги ғолиб ва совриндорлари номи эълон қилиниб, уларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn