Эътибор, эъзоз, ғамхўрлик
  • 19 Август 2014

Эътибор, эъзоз, ғамхўрлик

Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишлаб ҳамда Президентимизнинг шу йил 19 февралдаги “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган Саломатлик ҳафталиги якунланди.

Айтиш жоизки, мазкур кенг қамровли ижтимоий акция мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга юксак даражада эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш бўйича кўлами ва аҳамияти жиҳатидан жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Бунинг натижасида тиббиёт муассасаларимиз энг илғор ускуна ва жиҳозлар билан таъминланиб, уларда турли хасталикларга аниқ ҳамда тезкор ташхис қўйиш ва самарали даволаш имкониятлари вужудга келди. Ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг ташкил этилиши тиббий хизмат сифатини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини оширишга замин яратди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш тизимида муҳим ўзгаришлар рўй берди. Бўлғуси оналарнинг саломатлигини мунтазам назорат этувчи ҳамда соғлом болалар туғилишига кўмаклашувчи скрининг марказларининг кенг тармоғи йўлга қўйилди. Туғуруқ муассасаларининг моддий-техник базаси сезиларли даражада мустаҳкамланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида 11 — 16 август кунлари республикамиз бўйлаб бўлиб ўтган ҳафталик доирасидаги тадбирларда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари, тиббиёт олий таълим муассасалари ва етакчи клиникаларнинг 300 нафардан зиёд фан докторлари, профессорлари, доцентлари ҳамда малакали шифокорлари иштирок этди. Хусусан, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, хирург, акушер-гинеколог, эндокринолог, офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, стоматолог каби жами 14 соҳа бўйича энг тажрибали мутахассислардан иборат гуруҳлар юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан  ўтказишди.

Ишчи гуруҳларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида улар замонавий диагностика асбоб-ускуналари, жумладан, флюромобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратлари билан тўлиқ таъминланди.

Ташкил этилган кўрикларнинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, улар турли соҳа мутахассислари иштирокида консилиум тариқасида ўтказилди. Яъни ҳафталик бошланиши олдидан маҳаллий мутахассислар томонидан бир неча ойлар давомида юқори даражадаги консилиумга эҳтиёж сезувчи беморларнинг аниқ манзилли рўйхати тузилди. Ижтимоий акция давомида ана шу беморларга етакчи мутахассислар иштирокида аниқ ташхис қўйилиб, тегишли тавсиялар берилди.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ташкил этилаётган саломатлик ҳафталикларининг қамрови тобора кенгайиб бораётир. Фикримизга қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқ бўла олади: жорий йилнинг март ойида ўтказилган шундай тадбирнинг дастлабкисига мамлакатимиз бўйича жами 101 минг 805 нафар фуқаро жалб қилинган эди. Бу галги ижтимоий акция давомида 110 минг нафардан зиёд аҳоли вакили тиббий кўрикдан ўтказилди.

— Бизга мана шундай кенг имкониятлар яратиб бераётган Юртбошимизга минг раҳмат, — дейди Андижон туманининг “Хортум” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Пиллакаш маҳалласида истиқомат қилувчи Қодиржон Жўраев. — Иккинчи гуруҳ ногирониман. Пойтахтдан малакали мутахассисларнинг туманимизга келиб, энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида кўрик ўтказгани айни муддао бўлди. Берилган тавсияларга амал қилиб, соғлиғимга янада кўпроқ эътибор қаратаман.

— Қизим Олтиной беш ёшда, — дейди Кегейли туманида яшовчи Мадина Қартбоева. — Тиббий текширувлардан сўнг шифокорлар у ҳар томонлама соғлом вояга етаётганини айтишди. Эшитиб, хурсанд бўлдим. Ўз навбатида, керакли маслаҳатлар ҳам олдим.

Қайд этиш лозимки, ҳафталик доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда соғлом оила қуришга интилишни кучайтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилди. Шунингдек, “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар, қариндошлар ўртасидаги ҳамда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари каби мавзуларда мулоқотлар ўтказилди.

Шавкат ОРТИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn