Мунаввар кунлар шукуҳи
  • 18 Август 2014

Мунаввар кунлар шукуҳи

Истиқлолнинг нурафшон ёғдуси қалбларимиз, руҳиятимизга кўтаринки кайфият, латифлик, жўшқин ҳис-туйғуларни киритди, десак, асло муболаға эмас. Бунинг исботини кўрмоқчи бўлсангиз, гўзал урф-одат ва анъаналаримиз тимсоли — тўйларимизни кузатинг. Аслида, тўкинлик, фаровонлик бор жойда тўй-томошалар бўлади. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бундай шодиёналарда мамлакатимиз тинчлиги, истиқлол берган имкониятлар учун шукроналар айтилмоқда. Шу ўринда ўзимиз гувоҳ бўлган бир воқеани сўзлаб берсак.

Бундан бир неча йил олдин яқин танишларимиздан бирининг қизи Наргиза Ўзбекистон Миллий университетида ўқиб, хоразмлик курсдошига турмушга чиққан эди. Яқинда унинг кенжа укаси уйланди.  

— Опа, ростини айтсам, Хоразмдаги бунёдкорликларни кўриб, ҳавасим келарди, — дея гап бошлади у. — Ҳозир чамаласам, Фарғонага йўлим тушмаганига икки йилдан ошибди.  Укамнинг тўйи баҳона келдиму ҳайратландим: шаҳримиз бутунлай ўзгариб кетибди. Бири-биридан чиройли, шинам уйлар қурилибди. Жиянларим беқиёс янгиликларни кўрсатиб мақтанишдан чарчашмайди. Очиғи, қойил қолмасликнинг иложи йўқ. 

Наргизанинг ғурурланиши бежиз эмас. Негаки, болалигимизда ўқиган эртакларимизда: “Кўз очиб юмгунча қасрлар пайдо бўлибди” деган сўзларни тасаввуримизга сиғдиролмасдик. Ҳозир эса бундай эртакнамо бунёдкорликларни ўз кўзимиз билан кўраяпмиз. Тинчлик ва тараққиётнинг ҳаётбахш самараси йил сайин чирой очиб бораётган қишлоқларимиз қиёфасида ҳам ўз аксини топмоқда. Бугун қишлоқ аҳли замонавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган кўркам тураржойларда истиқомат қилаётир. Биргина Фарғона вилоятида 3802 та ана шундай замонавий уй-жой барпо этилди. Шунингдек, Президентимизнинг “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 

2012 — 2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоят марказида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Қувасой, Алишер Навоий, Оқариқ, Темир йўл, Аҳмад Фарғоний, Аэропорт йўли, Хўжанд, Мураббийлар, Қашқар, Эътиқод, Баҳор, Додхоҳ, Нурафшон кўчаларида қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди, миллий  ва замонавий архитектура услубларини ўзида мужассамлаштирган кўркам бинолар қад кўтарди. 

Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш асносида Бобур, Аҳмад Фарғоний кўчалари оралиғида бунёд этилган гўзал хиёбонга ташриф буюрсангиз, қалбингизни ажиб бир ҳис-туйғу қамраб олади. Бу каби масканларда эртамиз эгалари, дилбандларимиз комил фарзандлар бўлиб камол топмоқдалар. Хусусан, бугун Фарғонанинг қайси бир ташкилоти, корхонаси, фермер хўжалигида бўлманг, у ерда, албатта, шижоати ўзига ярашган салоҳиятли ёшларни учратасиз. Яқинда биз — бир гуруҳ ижодкорлар мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан «UZSUNGWОО» қўшма корхонасида бўлдик. Бу ердаги ишчи-хизматчиларнинг деярли барчаси ёшлардан иборат экан. Уларнинг фаоллиги, ўз ишига масъулият билан қараши, пухталигига қойил қолдик. Корхонадаги улкан қурилмалар, қулай шароит, ишчанлик муҳитидан ҳайратландик. Айниқса, ёш мутахассисларнинг маҳорати ва малакасига тасаннолар айтдик. 

— Бундай улкан корхоналар дунёнинг 6 та мамлакатида мавжуд бўлса, уларнинг бири Ўзбекистонда, жумладан, Фарғонада барпо этилгани бизни беҳад ғурурлантиради, — деди ёш мутахассислардан бири Нодирбек Тиллаволдиев. — Корхонамиз Германиядан келтирилган  энг илғор технологиялар билан жиҳозланган. Бу ерда автомобилсозлик саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда ва дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қилинаяпти. Қувонарлиси, мураккаб технологияларни ёшларнинг ўзи бошқармоқда. Чет эллик мутахассислар ёшларимизнинг  тафаккури, шижоати ва билимдонлигига юксак баҳо бераётганлиги бежиз эмас. Зеро, ёшларимиз давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги, меҳри, эътибори туфайли ҳеч кимдан кам эмасликларини исботлашмоқда.

Дарҳақиқат, шундай. Бугун ўғил-қизларимизга дунё ҳавас кўзи билан қарамоқда. Ахир навқирон авлоднинг ғайрат-шижоати ҳар бир қадамдаги бунёдкорлик, яратувчанликда кўзга яққол ташланмоқда. Бинобарин, Истиқлол уларнинг бундай эзгу интилишлари, беғубор орзу-умидларига йўл очиб берди. Шу ёшларимиз дадил одимлар билан эл-юртга хизмат қилишни, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни энг олий муддао, деб биладилар. Давлатимиз раҳбари “Менинг болаларим” деб доимо эътибор ва ғамхўрлик кўрсатадиган ана шу бахтиёр авлоднинг улкан мақсадлари рўёбга чиқиши, шубҳасиз. Негаки, пок ният билан яшаш ҳам эзгуликдир. Шундай экан, юртимизда ҳамиша мунаввар ёғдулар порлаб туришига ишончимиз комил.

Энахон СИДДИҚОВА, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 

Фарғона вилояти бўлими раҳбари.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « «Сирдарё оқшомлари» Ҳунармандлар шаҳарчаси »