Хоразмда қовун сайли
  • 14 Август 2014

Хоразмда қовун сайли

 

 

 

Хива шаҳрида анъанавий қовун сайли ўтказилди. “Ўзбектуризм” Миллий компанияси, вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамда  бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда вилоятнинг ҳар бир туманидан келган фермерлар ўзлари етиштирган замин неъматлари билан қатнашди. Сайилга ташриф буюрган меҳмон ва хорижий сайёҳлар “Оқ новвот”, “Обиноввот”, “Хива бешаги”, “Қариқиз”, “Ширинпечак” каби қовун навларидан татиб кўрдилар.

 

— Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, довруғи Мағрибу Машриққа ёйилган қовунларимизни чет эллик сайёҳлар ўртасида янада кенг тарғиб қилишдир, — дейди Хоразм вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Шокир Мадаминов. — Қувонарлиси, йўқолиб бораётган баъзи қовун навларининг қайта тикланганига ҳам гувоҳ бўлдик. Шунингдек, сайил доирасида бошқа турдаги полиз маҳсулотлари ва мевалар кўргазмаси ҳам ўтказилди.

Тадбир якунида сайилда энг фаол иштирок этган, Хоразм қовунчилиги соҳасини ривожлантиришга муносиб улуш қўшган деҳқонлар ташкилотчилар томонидан  рағбатлантирилди. “Хоразм” ва “Хива” фольклор-этнографик ансамблларининг театрлаштирилган чиқишлари сайилга ўзгача жозиба ва мазмун бағишлади.

 

Ойбек РАҲИМОВ

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn