«...Кишидин яхши от қолғай жаҳонда»
  • 04 Февраль 2014

«...Кишидин яхши от қолғай жаҳонда»

Алишер Навоий асарларида, айниқса, “Хамса”да ҳар бир тушунча, мавзу, ҳаёт, инсон билан боғлиқ масалалар юксак даражада талқин этилади. Ишқ, кўнгил, вафо, қаноат, одоб-ахлоқ, сўз, ростлик ва ёлғончилик, саховат ва бухл (бахиллик, хасислик), ақл ва жаҳолат, илм ва залолат, яхшилик ва ёмонлик каби яна кўплаб мавзулар таҳлилида ана шу жиҳатни кўрамиз.

Улуғ шоиримизнинг олам, ҳаёт, инсон ва умр мазмуни хусусида ҳам теран мулоҳазалари бор. Улар ҳақида “Хамса”да атрофлича фикр юритилган.
Ким учундир фаровон ва тўкис ҳаёт — умр мазмуни. Бошқа биров учун ҳисобсиз мол-мулк — бош мақсад. Кимларгадир соғ-саломат, тинч-осойишта умргузаронлик етарли. Ҳамма ўзича ҳақ. Аммо Навоий хулосалари қандай? Навоий кўп ўринларда умрнинг ўткинчилигига эътибор қаратади:
    Эй кўнгул, боқмағил жаҳон ишига,
    Ким жаҳон қилмади вафо кишига.  
Хўш, шоир нима учун дунёнинг ўткинчилигини бот-бот эътироф этади? Бу тушкунлик, ҳаётга кўнгил қўймасликка чақириқми? Йўқ, Навоийнинг нияти бошқача. Унинг фикрича, олам гултожи инсон ҳисобланар экан, тирикликни ғанимат билиш, ҳаётни мазмунли ўтказиш айни муддаодир. Шоир бу ҳақда ёзади:
    Чу охир бўлурбиз адам, эй рафиқ,
    Fанимат тутоли бу дам, эй рафиқ!
Навоий талқинича, инсонийликнинг, яшашдан мақсаднинг муҳим шартлари бор. Шоир тасвирича, яхши ном қолдириш, эзгу ишлари, сўзу амаллари билан эл кўнглидан жой олиш — умр мазмуни. Олам бевафо, умр бебақо, тириклик абас экан, ҳар бир киши фақат яхши ном қолдиришга ҳаракат қилиши зарур:
    Минг йил уммид эрурки қилғайсен,
    Яхши от-ўқ жаҳонга солғайсен.
Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” асаридан олинган мана бу байти ҳар бир ўқувчига умр мазмуни, тириклик ва ҳаёт мақсадини англатиб тургандек бўлади:
    Қаю фанким шуруъ этмаклик анда,
    Кишидин яхши от қолғай жаҳонда.

Тоҳир ХЎЖАЕВ,
Навоий давлат педагогика институти доценти.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn