Дилларда байрам шукуҳи, ифтихор ҳисси
  • 08 Август 2014

Дилларда байрам шукуҳи, ифтихор ҳисси

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 23 йиллигини муносиб нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 1 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.

Куни кеча ўафур ўулом номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остидаги республика анжуманида ҳам халқимизнинг турмуш тарзи фаровонлашиб бораётгани, маҳаллалар ободлиги, аҳолига маданий хизмат кўрсатиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар амалий ва кўргазмали тарзда акс эттирилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган мазкур тадбир истироҳат боғлари ҳамда хиёбонларда халқ сайиллари, концерт дастурлари ва бошқа маданий-маърифий анжуманларни юқори даражада ташкил этишдаги намунали тажрибаларни оммалаштиришни кўзда тутади. 

Айтиш жоизки, аҳолининг маданий дам олиши ва кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун зарур шарт-шароитларни яратишга “Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур Дастур ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маданият ва истироҳат боғлари замон талаблари асосида қайта ташкил этилаётир. 2015 йил якунигача маданият ва истироҳат боғларининг сони 225 тага етказилиши кўзда тутилган. Бу билан ўртача 8 мингга яқин иш ўринлари яратилади. 

Тадбирнинг айнан ўафур ўулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилиши бежиз эмас. 22 гектар майдонни эгаллаган мазкур масканда 2 та кўл, 2 та қайиқлар бекати, 60 дан ортиқ аттракцион, 3 та маданий тадбир ўтказиш саҳнаси ва 2 та спорт майдончаси, компьютер ўйинлари хонаси, фотостудия ҳамда бошқа имкониятлар мавжуд бўлиб, бу ерда аҳолига замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Боғда фаолият юритаётган бадиий ҳаваскорлик жамоалари, тўгараклар қатнашчилари ижросида концерт дастурлари намойиш этиб келинаётгани ҳам каттаю кичикка байрамона кайфият улашмоқда. Боғдаги махсус курс, спорт тўгараклари ва ҳаваскорлик ижодий жамоаларига мингдан ортиқ доимий қатнашчи жалб қилинган. 

Анжуман иштирокчилари маданият ва истироҳат боғларида янги шакл ҳамда услубдаги маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, томоша майдонлари ва амфитеатрларда мумтоз, эстрада, фольклор йўналишларидаги концерт дастурларининг намойиши, аҳолига кўрсатиладиган сервис хизмати турларини кўпайтириш орқали янги иш ўринларини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.

Сайил давомида оилавий тадбиркорлар ва касаначиларнинг бадиий ҳунармандчилик ишлари бўйича кўргазмалари, “Китоб савдоси” ҳамда  “Қўғирчоқлар дунёси” кўргазма-савдоси йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn