Қўшиқларда она-юрт мадҳи
  • 08 Август 2014

Қўшиқларда она-юрт мадҳи

Ўзбекистон давлат консерваториясида мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловининг Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимидаги босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, истиқлолимизнинг дастлабки кунлариданоқ давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг куч-ғайрати ва салоҳиятини яратувчанлик ҳамда бунёдкорлик ишларига йўналтириш, иқтидорини янада ривожлантириб боришга устувор мақсад сифатида эътибор қаратилмоқда. 2009 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танлови ҳам бу борадаги эзгу орзу-умидларни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, мазкур тадбир туфайли кўплаб истеъдодли ёшларимиз Ватан мадҳига бағишланган мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар яратиб, ижро этишмоқда. Ўтган йиллар мобайнида ушбу кўрик-танловда иқтидорини синовдан ўтказган йигит-қизлар бугунги кунда санъатнинг турли йўналишларида самарали ижод қилишаётир.

Бу йилги кўрик-танловнинг Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимидаги ҳудудий босқичларида 3912 нафар ёш хонанда, 38 та бадиий жамоа қатнашди. Танловнинг якуний босқичида ҳаваскорлик жамоалари, академик ва халқ бадиий жамоалари хонандалари ва яккахон ижрочилар Ўзбекистонимизни кўз қорачиғидек асраш, шаъну шарафини ҳимоя қилиш ва юксалтириш, шу мақсад йўлида фидо бўлиб яшаш энг олий бурч эканлиги ҳамда тинч ва осойишта ҳаётни қадрлашга ундовчи куй-қўшиқларни ижро этдилар.

Танлов якунларига кўра, қорақалпоғистонлик Сададдин Сапаев “Туғилган ер”, Тошкент шаҳридан Дилдора Мирсодиқова “Шодиёна”, Навоий вилоятидан Серижон Жанаҳметов “Она юртим” қўшиғи учун биринчи ўринни қўлга киритди. Энди ғолиблар кўрик-танловнинг мамлакат босқичида қатнашади.

 

Д. СОДИҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn