Садоқат ва муҳаббат рамзи
  • 07 Август 2014

Садоқат ва муҳаббат рамзи

Жорий йилнинг 12 — 14 август кунлари пойтахтимизда юртимизнинг барча иқтидорли ёшлари учун “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида “Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали ўтказилиши кўзда тутилган.

Шу муносабат билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказиладиган ушбу фестивалдан мақсад, ёш авлодни миллий истиқлол ғояларига чексиз садоқат, она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сингари йўналишдаги ишларни янада кенг тарғиб қилишдир. 

Фестивалда Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиблари, халқаро спорт мусобақалари ҳамда “Камолот” ЁИҲ лойиҳаларида ғолибликни қўлга киритган ёшлар ҳам қатнашади. Иштирокчилар учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Конституциявий суд, Олий суд ҳамда қатор таълим ва маданият масканларида учрашувлар ташкиллаштириш кўзда тутилган. 

— Ёшлар фестивалида “Баркамол авлод” республика болалар марказлари тарбияланувчиларининг Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган “Ватанимга менинг туҳфам” мавзуидаги ижодий ишлари кўргазмаси ҳамда ёш рассомларнинг тасвирий санъат асарлари ва фотосуратлари танловини ўтказиш режалаштирилмоқда, — дейди “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши етакчи мутахассиси А. Тожиев. —  Ушбу танловдаги барча ишларнинг ташқи кўриниши ва мазмунида 23 тасвири туширилган рамзий белги акс этиб туриши керак.

Уч кунлик лойиҳада ёш шоирлар ўртасида энг улуғ, энг азиз байрамимизга бағишлаб шеърлар танловини уюштириш, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан “Истиқлол фарзандларимиз” тўпламини нашрдан чиқариш, халқаро тоифадаги ҳакам, ФИФА рефериси Равшан Ирматов билан учрашув ўтказилиши ҳам белгиланган.

“Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали 12 август — Халқаро ёшлар кунида “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остидаги гала-концерт билан бошланади.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тоабад гулласин чаманинг, боғинг! Ижод завқи »