Тоабад гулласин чаманинг, боғинг!
  • 07 Август 2014

Тоабад гулласин чаманинг, боғинг!

Ҳар бир куни йилларга, йиллари асрларга татигулик замонда яшаяпмиз. Юртдошларимиз тинч ва осуда ҳаёт оғушида эзгу ният ҳамда тилаклар билан умргузаронлик қилмоқдалар. Бугун истиқлол шарофати, муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида мислсиз ўзгариш ҳамда янгиланишлар кўз ўнгимизда рўй бермоқда. Буларнинг барчаси аниқ мақсад ва қатъий белгилаб олинган мустақиллик йўлининг самарасидир.

Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг истиқлолимизнинг дастлабки кунларида айтган ҳар бир сўзлари кун ўтган сайин, йил ўтган сайин ўз тасдиғини  топиб бормоқда. Бу сўзлар мамлакатдаги ҳар бир фуқарога — барчамизга дахлдордир. Бир мисол. Алишер Навоий ҳайкали очилишида муҳтарам Президентимиз шундай деган эдилар: “Улуғ бобокалонимизнинг сиймоси олдида, келинглар, бир-биримизга сўз берайлик: озодлик ва истиқлол йўлида, бу эзгу ниятларни  ҳаётимизга амалий татбиқ этишда бир жон, бир тан бўлайлик!  Ҳеч қачон  танлаган йўлимиздан қайтмайлик!” (1991 йил 1 октябрь. Мустақиллик эълон қилинганига эндигина бир ой бўлган эди!) Бу сўзлар ҳаётда аллақачон ўз исботини топиб, кўнгилларга шижоат ва ғурур бахш этмоқда!

Хабарингиз бор, яқинда Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.  Мазкур йиғилиш хусусидаги ахборот билан танишар эканмиз, беҳад ғурурландик. Негаки, унда кўрсатиб ўтилган ютуқлар юртимизнинг порлоқ тараққиётидан дарак беради. Масалан, улардан биттасини келтириб ўтмоқчимиз:  2014 йилда  иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тизимли асосда  амалга ошириш натижасида жорий йил бошидан буён 506,4 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Қаранг, олти ойда ярим миллиондан ортиқ иш ўрни! Муҳими, уларнинг аксарияти қишлоқ жойларда яратилганини айтмайсизми?! 

Дарҳақиқат, Ватанимизнинг қайси гўшасига борманг, ҳамма жойда бунёдкорлик, эртанги кунга ишонч ва яхши ниятлар этагидан тутиш истагидан мамнун, кўнгиллари яшаш завқи-шавқи билан тўлиб-тошган инсонларни кўрасиз. Қайси томонга қараманг, ҳайратга дуч келасиз. Одамлар бир-бирларини мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами билан муборакбод этаётганини кузатасиз. Кўнглингиз равшан тортади.

Ана шундай фараҳбахш кунларда бир гуруҳ ижодкорлар Қашқадарё вилоятига йўл олдик. Йўл бўйида  бунёд этилаётган муҳташам бинолар. Йўл-йўлакай қурилган шинам ҳовли-жойлар, намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уйлар. Ён-веримиздан визиллаб ўтиб турган машиналарга разм соламиз: “Нексия”, “Ласетти”, “Эпика”, “Каптива”, “Малибу”, “Орландо”...  Қурилишга шошилаётган, қум, шағал, тахта ортилган юк машиналари, Сурхондарёдан Тошкентга келин олиб келаётган бир неча безатилган енгил машиналар карвони, Хоразмдан йўлга чиққан, “Дамас” ортилган контейнер, Самарқандга бораётган туристлар тўла сайёҳлик автобуси... Париждан — мусиқачилар мусобақасидан Гран-при олиб қайтган набирасини кутиб олишга ошиқаётган самарқандлик бахтли Бобо ва Момо билан кўришдик.  

Катта йўлга боқар эканмиз, тарихан қисқа даврда давлатимиз буюк ривожланиш йўлини босиб ўтганини кўз олдимизга келтирамиз. Зеро, Ўзбекистон жаҳонни ҳайратга солар даражада тараққиётнинг донғил, тахтиравон йўлига чиқиб олди ва бу йўлда дадил олға қадам ташламоқда!  Ўзингиз қиёсланг: йигирма уч йил аввал, давлатимиз омборида бор-йўғи ўн кунга етадиган ун қолган бўлса, бугун 8 миллион 50 минг тонна ғалла-донимиз бор! Давлатимиз ўз аҳолиси эҳтиёжини таъминлаб, дунёнинг ғалла экспорт қиладиган мамлакатлари қаторидан муносиб ўрин олди. 

Мана, биз ким эдигу ким бўлдик! Бундан ғурурланмай бўладими?!

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигини муносиб кутиб олишга оид қарорида  “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган кўнгилларни нурафшон этувчи қанотбахш сўзлар бор. Бу сўзларда Ватанини бор вужуди билан севган, унга жон фидо қилишга тайёр турган, дунёда энг азиз бўлган она тупроғини кўзларига тўтиё қилган, ўзининг бутун меҳрини, шижоату салоҳиятини мамлакатининг шаън-шукуҳи, обрў-эътиборини юксалтиришга бахшида этган, шу жонажон юрт фарзанди эканлигидан фахру ифтихор ҳиссини туюб яшаётган юртдошларимизнинг қалб ҳарорати мужассам. 

Қирмизи уфқлар ёрқин, нурафшон,

Кўнгилларда офтоб, чеҳраларда нур...

Ким эдик, ким бўлдик — эй аҳли жаҳон,

Келажаги Буюк давлатга юз бур!

 

Халқим, умидинг кўп эртанги кундан,

Жаҳон айвонида балқир байроғинг!

Тоабад яшнасин наслинг очунда,

Тоабад гулласин чаманинг, боғинг!

 

 

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, 

Халқ ёзувчиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn