Осойишта юртнинг ҳар гўшаси обод
  • 05 Август 2014

Осойишта юртнинг ҳар гўшаси обод

Маҳалламиз Обод турмуш деб номланади. Нуронийларимиздан кўп эшитганман. Ана шу қишлоқда иморатлар солина бошланганига етмиш-саксон йиллар бўлибди. Бироқ шунча вақт мобайнида бу ерлар овлоқ жой бўлиб келган. Қаёққа қараманг, гуваладан солинган пасқам, лойсувоқ уйлар, кўримсиз кўчалар... Газ, электр энергияси, ичимлик суви билан таъминлаш, йўлга асфальт ётқизиш ҳақида ўйлаш ёзда қорни орзу қилишдек гап эди, дейишади...

Энди биз тарафларга бир келсангиз борми, маҳалламиз номи роса топиб қўйилганига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Сабаби, бизда айтса айтгулик, кўз-кўз қилгулик янгиликлар кўп. Шу икки-уч йилнинг ўзида ҳудудимизни кесиб ўтувчи катта йўл ёқалаб намунавий лойиҳалар асосида 200 га яқин уй-жой қурилди. Табиий газ дейсизми, иссиқ сув, совуқ сув дейсизми, бари муҳайё. Аҳолининг маиший эҳтиёжларига жавоб бера олувчи яхлит инфратузилма юзага келди. Янгитдан қуриб битказилган маҳалла идораси эса солиқ хизмати, коммунал соҳа, банк шохобчалари каби қатор тузилмаларни ўз ичига олди. Милиция таянч пунктимиз ҳам худди шу ерда жойлашган. Бундан ташқари, футбол, волейбол, баскетбол майдонлари, болалар ўйингоҳи эртаю кеч аҳоли хизматида.
Албатта, маҳалла билан ишлашнинг гашти бўлакча. Ўзинг таниган, билган одамларнинг қувонч ва ташвишига доимо шерик бўласан. Шукрки, маҳалламиз тинч-осойишта, одамларимиз аҳил, меҳр-оқибатли. Икки мингдан зиёд аҳоли, 689 оила бор. Вояга етмаган ёшларимиз 700 нафар. Кўз тегмасин, кейинги уч йил ичида улар ўртасида жиноятчилик ҳолатлари умуман қайд этилмади.
Йил бошида ўтказилган танловда милиция таянч пунктимиз ғолиб бўлди. Маҳалламизга танловнинг бош соврини — “Матиз” автомашинасини миниб қайтдик. Демоқчиманки, хизматимиз ортидан одамлар орасида иззат, эътибор топдик. Энг муҳими, улар бизга ишонишади, суянишади.
Ўзингиз айтинг, шундай гўзал юртда яшаб, очиқкўнгил, бағрикенг инсонларнинг тинчлиги ва  осойишталигига посбон бўлиш — чинакам бахт эмасми?!


Қобил НУРИДДИНОВ,
Зангиота тумани
Обод турмуш маҳалласидаги
147-сонли милиция таянч пункти профилактика инспектори.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Мусиқа сеҳри Таассуротлар бир олам »