Мусиқа сеҳри
  • 05 Август 2014

Мусиқа сеҳри

кўнгилларга эзгулик бахш этади

Мутахассислар фикрича, фарзанд камолоти йўлида илму маърифат сингари мусиқа ва санъатнинг ҳам ўрни беқиёс экан. Дилбар куй, хонишга ошно тутинган болаларнинг фикрлаш қобилияти, дунёқараши ҳам бошқача бўлади. Шу маънода, Президентимизнинг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ёш авлод тарбиясига қаратилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалий тасдиғи сифатида аҳамиятлидир.
Навқирон авлоднинг етук мутахассис, ибратли хулқ-атвор эгаси бўлиши аввалбошдаги тарбиясига, камол топаётган муҳитига боғлиқ. Шунинг учун ҳам бола тарбияси ота-оналар учун энг муҳим масаладир. Ушбу вазифага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши камдан-кам мамлакатларда учрайдиган ҳолдир. Бу ҳақда  мусаввир, санъатшунос Рустам Эрматов шундай дейди:
—    Ўғил-қизларимизнинг баркамол, эл-юртга хизмат қиладиган кишилар бўлиб вояга етиши оила муҳитига боғлиқ. Оилада, фикримча, шундай муҳит яратиш керакки, бунда ҳар бир фарзанд ўзини бахтиёр ҳис этсин. Бизнинг бахтимиз шундаки, ушбу муҳим масалага муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юксак эътибор қаратилмоқда. Истеъдод эгалари давлатимиз томонидан рағбатлантирилмоқда. Масалан, ўтказилаётган турли кўрик-танловлар болаларнинг қобилиятини янада тоблашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, бундай тадбирлар болаларда қизиқиш ва ҳавас уйғотишда ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Оилам мисолида айтадиган бўлсам, тўрт нафар фарзандим бор. Уларнинг ҳар бири мусиқага қизиқади, бирор бир соз чалади. Масалан, қизим Шаҳноза ҳам либос дизайнерлигига, ҳам мусиқага, катта ўғлим Қаҳрамон бастакорликка, кичик ўғлим Достонбек мусиқага иштиёқманд. Кенжа қизим Робия эса ҳали боғча тарбияланувчиси бўлишига қарамай, опаю акаларига ўхшаб санъатга қизиқувчан. Қаҳрамоннинг интилишлари, иқтидори 2013 йили давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди ва у “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланди. Фарзандларимнинг орзу-интилишлари, эришаётган ютуқ ва муваффақиятларига қараб, беихтиёр болалик йилларимни эслайман. Санъатга қизиқардик, аммо у пайтлари ҳозиргидек муҳташам ўқув масканлари қаёқда, дейсиз? Эски мактабимизда эса, бор-йўғи, биттагина рубоб бор эди, холос. Мусиқа ўқитувчимизнинг соз йўқлигидан партани чалиб дарс ўтганларини эсласам, ғалати бўлиб кетаман. Бугун бу ҳақда ёшларга айтсангиз, ишонишмайди.
Халқимизда “Игна қаёққа юрса, ип ҳам ўша томонга юради” деган нақл бор. Оила бошлиғи Рустам Эрматовнинг сўзларига қулоқ тутиб, беихтиёр ана шу ҳикмат ёдга тушади. Негаки, у фарзандларининг иқтидорини юзага чиқариш мақсадида оилавий “Ҳавас” гуруҳини ташкил қилди. Ушбу гуруҳ томонидан ҳар йили хайрия концертлари ўтказиб келинади. Уларнинг ижодий кечасига ташриф буюрувчилар Шаҳноза, Қаҳрамон, Достонбек ҳамда Робияхон ижросида мумтоз ва эстрада қўшиқларини, жаҳоннинг машҳур бастакорлари ижодига мансуб куй-наволарни тинглаб, ҳордиқ олишади.
—    Устозларга ҳавас қилиб, эзгу мақсад билан шундай гуруҳ ташкил этдик, — дейди Р. Эрматов. — Мана, беш йилдирки, турли тадбирларда қатнашиб келаяпмиз. Хайрия концертларимизни Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун ўтказамиз. Чунки мусиқада илоҳий қудрат бор. Уни тинглаганда, кимдир армонларини бир зум бўлса-да унутади, мурғак қалбларга эса эзгулик нури инади. Шунинг учун бўлса керак, ҳали шу пайтгача бирор фарзандимнинг ортидан ёмон гап эшитмадим. Аксинча, мактаб ва коллеждаги устозларининг миннатдор бўлиб айтган сўзларидан бошим осмонга етади. Фарзандларимни мусиқа орқали тарбиялаётганимдан беҳад ғурурланаман.
Эрматовлар хонадонидаги учинчи фарзанд — Достонбек шу кунларда жорий йилнинг сентябрь ойида Грецияда ёш мусиқачилар ўртасида ўтказиладиган нуфузли танловга тайёргарлик кўрмоқда. Достонбек бугунги кунга қадар бир қанча хорижий мамлакатлардаги танловларда муваффақиятли қатнашиб, юртимиз ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатган. Жумладан, у 2012 йилда Францияда бўлиб ўтган ёш мусиқачилар кўрик-танловида иштирок этиб, ўз қобилияти билан санъат аҳли ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлди. Эндигина 12 ёшга кирган йигитчанинг жаҳон саҳналарида эътироф этилиши ҳам аслида, истиқлол туфайлидир.
—    Мусиқа эшитиш, соз чалиш жону дилим, — дейди Достонбек. — Фахр билан айтаманки, ёшларга эътибор туфайли мен ўзимни, ўзлигимни кашф қилдим. Ота-онамнинг “Одобингдан, юриш-туришингдан кўнглимиз тўқ”, деганларини эшитиб, хурсанд бўлиб кетаман. Олдимга шундай мақсад қўйганман: юртимнинг корига ярайин, ота-онам, устозларим, Президентимиз ишончини оқлайин!..
— Бола — нозик навниҳол, — дейди оила соҳибаси Матлуба Эрматова. — Уни қандай парвариш қилсак, шундай вояга етади. Касбим педагог-руҳшунос бўлганлиги учун яхши биламанки, айниқса, майин навонинг бола руҳиятига таъсири катта. Биргина аллани олайлик, мурғак вужуд уни эшитганда йиғидан тўхтайди, алла сеҳри ила ширин уйқуга кетади. Бу бежиз эмас, албатта. Зотан, илоҳий оҳангни тинглаган гўдак қалбига эзгулик, меҳр ва муҳаббат ҳислари сингиб бораверади.
Бу оилага қалбимизнинг туб-тубида ҳавас уйғонди. Бинобарин, юртимизда Президентимизнинг ҳаётга дадил қадамлар билан кириб келаётган ёшларга, навқирон авлодга кўрсатаётган беқиёс ғамхўрлиги туфайли бундай оилалар сафи кенгаймоқда. Ана шундай бахт ошёнларида Қаҳрамону Достонбек, Шаҳнозаю Робияга ўхшаган фарзандлар камолга етмоқда.
Уларнинг нияти эзгу, мақсади аниқ: шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлиш. Ишонамизки, улар беғубор орзу-умидларига эришадилар. Зотан, бунинг учун барча шарт-шароит яратилган. Бундай ғамхўрликдан қувонган фарзандларимиз эса тинч ва осуда ҳаётимизнинг бебаҳо неъмат эканлигини тушуниб етаяпти, озод Ватан, мунаввар кунларни қадрлашга ўрганишаяпти.


Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn