Ўзбекистон — истеъдодлар юрти
  • 01 Август 2014

Ўзбекистон — истеъдодлар юрти

Онажонимнинг айтишларича, болалигимдаёқ радио орқали мумтоз мусиқа янграса, жим туриб эшитарканман. Бу муҳаббат мени санъатга етаклади. Ҳозир бир кун пианинода куй ижро этмасам, хотиржам туролмайман.

Успенский номидаги мусиқа ва санъат мактабида ўқиш жараёнида санъатга чандон боғланиб қолдим. Энди англаяпманки, мусиқага ошно бўлиш — тақдир битиги экан. Бугун ҳаётимни куй-навосиз тасаввур этолмайман.
Киши ўз ишига чин дилдан меҳр қўйса, кўзлаган мақсадига, албатта, эришади. Мусиқа мактабидаги замонавий шарт-шароитлар, ўқитувчиларимизнинг жонкуярлиги, энг муҳими, Президентимизнинг биз, ёшларга кўрсатаётган беқиёс ғамхўрлиги орзуларимизга қанот бағишлаётир. Шунинг учун бўлса керак, аксарият тенгдошларим мамлакатимизда ҳамда хорижда бўлиб ўтаётган халқаро кўрик-танловларда фахрли ўринларни қўлга киритишаяпти.
Ҳозир Ўзбекистон давлат консерваторияси талабасиман. Моҳир устозларимиздан санъат сирларини ўрганиб келаяпмиз. Улар кўпинча тенгдошларимга қарата, “Сизлар аввалги ёшларга ўхшамайсизлар, мусиқа учун туғилгансизлар, мураккаб куйларни ҳам маромига етказиб ижро эта оласизлар”, деб кўнглимизни кўтарадилар. Албатта, ютуқларимизнинг бош омили юртимизда ёш иқтидор эгаларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганидадир.
Айниқса, чет мамлакатлардаги дастурларимиз давомида кўплаб мухлисларнинг ҳавасу ҳайратига гувоҳ бўламиз. Улар баъзан “Эндигина 23 йиллик мустақил ривожланиш йўлини босиб ўтаётган мамлакат ёшлари бундай марраларга қандай қилиб эришаяпти?!” деб сўраб қолишади. Шунда биз ғурур билан бу муваффақиятларнинг барчаси юртимизда таълим тизимида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, янгиланишларнинг меваси эканлигини таъкидлаймиз.
Зеро, Ўзбекистон — истеъдодлар юрти. Бу заминда камол топган ёшлар эса ҳеч кимдан кам бўлмайдилар!


Нодира ДАДАМУҲАММЕДОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Янги санъат галереяси Мусиқа сеҳри »