«Зумрадойлар давраси»
  • 31 Июль 2014

«Зумрадойлар давраси»

қизларда одоб-ахлоқ кўникмаларини шакллантиришда илк қадам бўлмоқда

Маълумки, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларни юқори малакали ва тажрибали педагоглар билан таъминлаш, болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, болалар, айниқса, қиз болаларда жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Шунингдек, унда 3-6 ёшли қиз болалар маънавий-ахлоқий тарбиясини эрта бошлаш, улар қалбида одоб-ахлоқ кўникмаларини шакллантириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида “Зумрадойлар давраси” тўгаракларини ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, айни чоғда ушбу йўналишда изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан юртимиздаги деярли барча мактабгача таълим масканларида ана шундай тўгараклар фаолиятининг йўлга қўйилгани жажжи қизларимизни юксак савияли, интеллектуал салоҳиятли, назокатли, иродали, одобли қилиб тарбиялашда, уларда ростгўйлик, камтарлик, хушмуомалалик, шахсий гигиенага риоя этиш каби хислатларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги томонидан тайёрланган “Зумрадойлар давраси” номли ўқув-услубий қўлланма, айниқса, мураббийлар ва ота-оналарга қўл келаяпти.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Халқ таълими вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган республика семинарида ана шулар хусусида сўз юритилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда республикамиздаги 4950 мактабгача таълим муассасасига  581 мингдан ортиқ кичкинтой қатнайди. Айни чоғда Давлат дастурида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, чунончи, мактабгача таълим даргоҳларининг моддий-техник базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, ушбу муассасаларга болаларни кенг қамраб олиш, тарбиячи ва мураббийларнинг билим ҳамда салоҳиятини юксалтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

 


З. ИСМОИЛОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn