Бу заминда инсон қадри доимо улуғ
  • 31 Июль 2014

Бу заминда инсон қадри доимо улуғ

Яқинда Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ илк давлат ташрифи билан мамлакатимизга келганида, у билан учрашиш, суҳбатлашиш имконига эга бўлдим. Олий мартабали меҳмон Ўзбекистонда яшаётган корейс миллатига мансуб фуқаролар ҳаёти, уларга яратилган шароитлар билан қизиқди. Мен, ҳеч иккиланмай, бахтли яшаш учун нимаики зарур бўлса, юртимизда уларнинг барчаси мавжуд, дея қатор мисоллар билан буни изоҳлаб бердим.

Ҳақиқатан ҳам, дунёни кезиб Ўзбекистондек гўзал, меҳр-оқибат, одамийлик фазилатлари юксак қадрланадиган юртни топиш мушкул. Меҳри қайноқ ўзбек халқини уруш йилларида не-не қийинчиликларни бошидан кечирган, оғир ҳаёт синовлари билан юзма-юз келган корейслар, немислар, поляклар, греклар ва бошқа миллат вакиллари жуда яхши билишади. Энг оғир дамларда ҳам ўзбеклар, ҳатто, бир бурда нонини улар билан бирга баҳам кўрган. Минглаб етимларга бошпана берган. Бу тарихни ҳеч қачон унутиб бўлмайди.
Мен шу бетакрор заминда вояга етдим, ҳаётда ўз ўрнимни топдим. Ўз ҳаётимни Ўзбекистонсиз тасаввур ҳам қилолмайман, Ватаним, дея унинг номини ғурур билан шарафлайман.
Айтиш жоизки, истиқлол йилларида мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар муҳитини мустаҳкамлаш масаласига ҳам жуда катта эътибор қаратилди. Бу борада, аввало, қонуний асослар яратилди. Жумладан, Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деб қайд этилган бўлса, 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”, дея белгиланган. Ана шу тамойиллар бугунги ҳаётимизда ўзининг тўлиқ ифодасини топаяпти.
Юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечиришмоқда, келажаги буюк Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти, эртанги истиқболига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Уларнинг эмин-эркин таълим олишлари, ўз қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, урф-одатлари, анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришлари учун барча шарт-шароит яратиб берилган.
Ҳозир Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб икки юз мингга яқин фуқаро яшайди. Уларнинг ҳар бири бугунги кунидан миннатдор, эртанги кунига ишончи мустаҳкам. Шу боис Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, янада тараққий этиши йўлида ҳамма қатори корейслар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишга интилишаяпти.
Мамлакатимизда барча миллат вакилларининг давлат бошқаруви, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнларда кенг ҳамда фаол иштирок этиши кафолатланганини ўзбекистонлик корейслар орасида Ўзбекистон Қаҳрамони, сенаторлар, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фанимиз фидойилари борлиги ҳам яққол тасдиқлайди. Бу бизга алоҳида фахр бағишлайди.
Байрамларимиз, яхши кунларимизни бутун халқимиз бир тану бир жон бўлиб қутлашга одатланган. Хусусан, ҳар йили Наврўз ва Мустақиллик тантаналари миллий маданий марказлар билан биргаликда кенг нишонланмоқда. Миллий маданият кунлари, декадалари, миллий байрамлар ҳам муносиб ташкил этилаётир. Ўзимиз мисолимизда айтсак, корейс халқининг “Соллар” (Янги йил), “Тано” (экин-тикин юмушлари тугалланиши билан боғлиқ байрам), “Чусок” (ҳосил байрами), “Хансик” (Хотира тадбири) дея номланувчи маросимларини эмин-эркин ўтказмоқдамиз.
Уюшмамиз аъзолари “Ўзбекистон — умумий уйимиз” анъанавий дўстлик ва маданият фестивалида ҳам доимо фаол қатнашишади. Бу тадбир бизга жуда ёқади. Чунки унда боқий анъаналар, қадриятлар кенг намойиш қилинади, гўзал ва бетакрор Ватанимизни улуғловчи куй-қўшиқлар ижро этилади.
Албатта, ҳар бир эзгуликнинг таг-заминида Президентимизнинг оқилона сиёсати, тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ётибди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бугунги таҳликали замонда бунга эришиш ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Негаки, жуда кўп давлатларда турли қарама-қаршиликлар, ички низолар, қуролли тўқнашувлар давом этаяпти. Миллатчилик каби жуда хавфли бало тобора авж олмоқда. Улар бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, Ватанимизни асраб-авайлаш йўлида фидойилик кўрсатишга ундайди.
Давлатимиз раҳбари бу йилги Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида: “Азиз дўстларим, биродарларим, бизнинг халқимиз нимани истайди? Аввало, ўз юртида ва қўшни минтақаларда, бутун оламда тинчлик-осойишталик ҳукм суришини, турли-турли ҳудудларда давом этаётган можаро ва қарама-қаршиликлар куч ишлатмасдан, фақатгина тинчлик йўли билан, сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилинишини хоҳлайди. Ўз осмонининг мусаффо бўлишини, тинчлик барқарор бўлган ҳаётни истайдиган халқимиз ўзгаларга ҳам айни шундай тилакларни раво кўради”, дея дилимиздаги гапларни айтдилар. Албатта, бизга фақат тинчлик керак. Тинчлик бўлса ҳаёт яхшиланиб бораверади, одамлар бахтли умр кечиради, орзуларининг рўёбини кўради. Бирдамлик, аҳиллик бор жойда эса ўсиш, ривожланиш бўлади.
Бугун биз фахр билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон — умумий уйимиз! Тили, дини, миллати ва элатидан қатъи назар, шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро ўз Ватанини севади ва кўз қорачиғидек асрайди. Чунки бу заминда аждодлар киндик қони тўкилган, инсон қадри доимо улуғ. Шундай экан, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшишни биз чин фарзандлик бурчимиз, деб биламиз.


Виктор ПАК,
Республика корейс миллий маданият
марказлари уюшмаси раиси.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn