Ёшлар боғида меҳнат ярмаркаси
  • 31 Июль 2014

Ёшлар боғида меҳнат ярмаркаси

Уйчилик Дилафрўз Юнусова билан Ўғилой Садбар-алиева тумандаги маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида тикувчилик соҳаси бўйича  таҳсил олишган.

Яқинда мутахассислик дипломини олган қизлар меҳнат жамоасида ҳам ёнма-ён фаолият кўрсатадиган бўлишди. Боиси икки дугона вилоят марказидаги “Камолот” ёшлар боғида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида “Наманганкийимсаноат” хусусий корхонаси билан меҳнат шартномасини имзолади.
Вилоят ҳокимлиги ва прокуратураси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда ёшлар корхона ва ташкилотлар томонидан тавсия қилинган 8 мингдан зиёд бўш иш ўринлари билан яқиндан танишдилар. Яна бир эътиборли жиҳати, ярмарка ўзининг бизнес ғояларини амалга ошириш ниятида юрган иқтидорли йигит-қизларнинг интилишларига  ҳам қанот бағишлади. Чунки тадбирга ташриф буюрган тижорат банклари вакиллари уларнинг лойиҳаларини атрофлича ўрганиб чиқиб, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Пировардида касб-ҳунар коллежини тамомлаган ёшлардан бир гуруҳи ишлаб чиқариш ва хизмат соҳасида бизнес юритиш учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлди.
Умуман, ярмарка якунида 3415 нафар йигит-қиз ота-оналари ҳузурига бўлажак меҳнат жамоасини аниқлаштириб олгани ҳақидаги хушхабар билан қайтди.


       Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,      
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn