Эзгулик, саховат ва меҳр-оқибат айёми
  • 25 Июль 2014

Эзгулик, саховат ва меҳр-оқибат айёми

Озод ва обод, тинч-хотиржам юртда умргузаронлик қилишдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Буни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси теран англамоғи, қадрламоғи лозим, деб ўйлаймиз. Зеро, мустақиллик туфайли муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқдаки, унинг самарасидан ҳар биримиз баҳраманд бўлиб бормоқдамиз.

Шу боис мамнуният билан айтамизки, истиқлол халқимиз учун чексиз имкониятлар эшигини очиб берди. Унинг халқимизга берган бахт-саодатининг ҳад-ҳудуди йўқ.
Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, жаннатмонанд ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтказишмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ушбу муқаддас ойни муносиб ўтказиш ва кеча “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари эълон қилиниши юртдошларимизни беҳад қувонтирди. Унда халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланадиган Рамазон ҳайитининг ҳаётимиздаги ўрнига алоҳида урғу берилган.
Дарҳақиқат, жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Бу сафарги Рамазон ойи яна шу билан шарафли ўтмоқдаки, “Соғлом бола йили” деб ном олган йилда юртимиз аҳли ўз оилаларида аҳиллик, тотувлик, тарбия ва руҳий фароғат қарор топиши учун тинмай ҳаракат қилишмоқда. Оилаларимизнинг намунали бўлиши, оила аъзолари ўртасида меҳр-оқибат, тотувлик, ўзаро ҳурматнинг барқарорлиги, болаларга пухта таълим-тарбия бериш, ёш оилаларга турмуш сабоқларини эринмай ўргатиш каби омилларнинг рўёбга чиқаётгани эса янада қувонарлидир. Бинобарин, динимиз ҳар бир киши ўз қўл остидаги кишилар учун масъулдир, деб таълим беради.
Нуронийларнинг энг кўп такрорлайдиган дуоси — “Илоҳо, хонадонларимизни тинч ва осойишта, юртимизни обод қил”. Доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч — сен тинч”, “Тинчлигинг — ҳурлигинг” каби мақолларида ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат эканлиги ифодаланган. Пиру бадавлат кишилар насиҳатида, оналар алласида тинчлик, хотиржамлик кўп тилга олиниши бежиз эмас. Бинобарин, ҳозирги пайтда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофимизда юз бераётган ҳодисалардан огоҳ бўлиб, мана шундай қалтис ва мураккаб вазиятда мамлакатимизда эришилаётган ривожланиш тинчликнинг эвазига қўлга киритилаётганини, осуда ҳаёт эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслигимиз керак.
Аслида, атрофга бир назар ташлайлик, бугунги бунёдкорлик, ободончилик ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган гўшаларни кўриб, кишининг кўзи қувонади, дили яйрайди. Шуларни ҳис этарканмиз, азизлар, фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун суюниб яшайлик, уларнинг ёшлик йиллари саодатли, шукуҳли замонга тўғри келганини англатайлик. Ёшларимиз ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, истеъдодли бўлиб вояга етишаяпти. Буларнинг бари тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт маҳсули, ёш авлоднинг илмли ва билимли  бўлишлари учун яратилган шарт-шароитларнинг натижасидир.
Мана шундай улуғ кунларда ният қиламизки, Аллоҳ таоло юртимиз фаровонлиги, элимиз тинчлигини янада зиёда қилсин. Истиқлолимизнинг нурафшон ёғдуси қалбларимизни мунаввар айлайверсин.


Раҳматулла САЙФУДДИНОВ,
Тошкент шаҳридаги
«Хўжа Аламбардор» жоме масжиди имом хатиби.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn