Ҳар бир фарзандга меҳр ва эътибор
  • 17 Июль 2014

Ҳар бир фарзандга меҳр ва эътибор

Пойтахтимиздаги “Тошкентленд” маданият ва истироҳат боғида “Ҳар бир болага меҳр ва эътибор” шиори остида хайрия тадбири бўлиб ўтди.

У “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Меҳр-шафқат ва саломатлик”, “Маҳалла” хайрия жамоат фондлари ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилди.
Байрам тадбирида вилоятнинг Олмалиқ, Бекобод, Ангрен шаҳарлари ва Зангиота, Бўстонлиқ, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл, Бўка туманларидан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирон  ҳамда эҳтиёжманд оилаларда тарбия топаётган 600 нафардан ортиқ ўғил-қиз қатнашди.
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялаш борасида улкан хайрли ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида бири-биридан кўркам ва замонавий таълим муассасалари, спорт иншоотлари қурилиб, улар фарзандларимизнинг маънан ҳамда жисмонан баркамол бўлиб улғайишларига хизмат қилмоқда.
Ангрен шаҳридаги 9-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган ёрдамчи мактабда 154 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Уларнинг кўникмаларини ошириш мақсадида ёш пойабзалчи, дурадгорлик, чилангарлик, тикувчилик, теннис ва баскетбол каби тўгараклар ҳамда логопедия, ритмика, даволаш, жисмоний тарбия сингари қўшимча машғулотлар йўлга қўйилган.
— Саёҳатга 50 нафар ўқувчи билан келдик, — дейди шу мактаб директори Нилуфар Нурманова. — Бугун болажонларимиз учун қувончли кун. Улар турли кўнгилочар ўйинлар ўйнаб, замонавий аттракционларда маза қилиб учишди. Бу эса юртимиздаги барча ўғил-қизлар меҳр ва ғамхўрлик оғушида эканлигидан далолатдир.
Тадбир доирасида концерт дастури намойиш этилди. Болажонларга ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.


Д. СОДИҚОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn