Файзу тароватли манзиллар
  • 11 Июль 2014

Файзу тароватли манзиллар

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мисли кўрилмаган бунёдкорлик  ишлари бажарилмоқда. Жумладан, нафақат кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри, балки вилоятнинг бошқа шаҳарлари, барча туман ва қишлоқларида ҳам янги-янги тураржой, савдо дўконлари, маиший ва сервис хизмати кўрсатиш шохобчалари, мактаб, лицей, коллеж, шифохоналарнинг замонавий бинолари қад ростлаб, халқимизга бир қатор қулайликлар яратмоқда.

Айниқса, Самарқанд туманининг Обод турмуш, Оқдарё туманининг Пўлатдархон маҳаллаларида намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлар ва инфратузилма объектлари аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш билан бирга, қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборганлигини таъкидлаш ўринлидир. Юртимизда ўтказилаётган турли халқаро анжуманлар ва фестивалларда иштирок этиш учун келган хорижлик меҳмонлар — олимлар, қурувчилар, санъатшунослар, сиёсатчилар, иқтисодчилар бу маҳаллаларга ташриф буюриб, ҳайрат ва ҳавас билан қараганликлари, оммавий ахборот воситалари орқали ўзларининг дил сўзларини изҳор қилганликлари кўпчиликка яхши маълум.
Бугунги кунда обод манзиллар ҳақида гап кетганида, Пайариқ туманини ҳам алоҳида қайд этмоқ лозим. Нега деганда, 221 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ушбу туманда атиги 1,5-2 йил ичида кўплаб замонавий уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
— Бугун  Пайариқдаги “Ёшлар боғи”га келсангиз, бу ерда мириқиб дам олаётган отахону онахонларни, ўйнаб-қувнаб юрган болажонларни, сайру саёҳат қилаётган ёшларни, ўриндиқларда ўтириб ширин суҳбат қураётган, ҳаётдан мамнун кишиларни кўриб, дилингиз яйрайди, қалбингиз қувончга тўлади, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман кенгаши раиси Саъдулло Бойзоқов. — Ушбу боғ ўтган йили ҳомийлар ёрдамида ва маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағ асосида капитал реконструкция қилинди, 2000 та манзарали дарахт кўчати экилди. Оталар чойхонаси, “Ёшлар” кафеси, музқаймоқ павильонлари ишга туширилди. Эски кинотеатр биноси капитал таъмирланиб, Ёшлар маркази ташкил этилди. Марказдаги тўгаракларда мактаб ва коллеж ўқувчилари фаол қатнашмоқдалар.
Бундан ташқари, истироҳат боғида 7 та аттракцион қурилиб, футбол майдонига ўриндиқлар ўрнатилган бўлса, эндиликда ёшлар ва катталар учун 2 та чўмилиш ҳавзаси ҳам бунёд этилаяпти.
Ушбу боғдаги мусиқали ва турли рангда товланувчи фаввора кечқурунлари дам олувчиларга хушкайфият улашиш билан бирга, ҳудуд ҳавосини мўътадиллаштириб, ёз жазирамасида салқин иқлим ҳосил қилган ҳолда, боғ кўркига кўрк қўшмоқда, — дейди унинг лойиҳаси муаллифи Акмал Соатов. — Шунингдек, шундай фаввора туманнинг Челак шаҳридаги истироҳат боғида ҳам фойдаланишга топширилди.
Қувонарлиси, бундай улкан бунёдкорлик ишлари Самарқанд вилоятининг Нуробод, Ургут, Оқдарё, Иштихон, Пастдарғом ва бошқа туманларида ҳам рўёбга чиқарилмоқда. Пировардида қишлоқлар шаҳар билан бўйлашадиган гўшаларга айланаётир.

 

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn