Менинг диёрим — фахру ифтихорим
  • 10 Июль 2014

Менинг диёрим — фахру ифтихорим

Оиламиз кўп йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келади. “Шуҳратмашсервис” деб номланган корхонамизда паррандачилик билан машғул фермерлар,  ёрдамчи хўжаликлар учун ускуналар тайёрлаймиз. Гарчи Бухоро вилоятининг чекка туманларидан бири бўлган Пешкуда яшасак-да, маҳсулотимизга харидор кўп.

Қўшни Навоий ва Қашқадарё вилоятларидан ҳам буюртмалар тушаяпти. Баъзан отам дастурхон бошида “Ўғлим, шу ишимиз орқасидан 15-20 хонадоннинг қозони қайнаяпти. Улар тўй устига тўйлар қилишмоқда. Коллеж ўқувчилари учун махсус стипендия ҳам ташкил этганмиз. Ишимиз  кун сайин бароридан келмоқда. Буларнинг барчаси  мустақиллик шарофатидан. Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин, биз, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаётган Юртбошимиз омон бўлсин”, деб дуо қилади.
Ҳар гал шу тилакни эшитганимда, тинчлик-осойишталик, мустақиллик қадр-қимматини янада чуқур англагандек бўламан. Шундай юртда туғилиб ўсганимдан кўнглимда ғурур туяман. Ҳали она-Ватанимиз учун жуда кўп иш қилишим кераклигини теран ҳис этаман. Шу мақсадда Бухоро давлат университетига ўқишга кириш ҳаракатидаман.
Дарвоқе, отам Толиб Раҳмонов “Ташаббус — 2014” кўрик-танловининг республика босқичида “Менинг юртим — менинг ифтихорим” қўшимча номинацияси бўйича ғолиб бўлди. Ўзимнинг ҳам тадбиркорлик ишларим яхши кетмоқда. Турли танлов ва кўргазмаларда фаол иштирок этаяпман. Яқинда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва “Камолот” ЁИҲ томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” республика кўрик-танловининг “Энг фаол ёш тадбиркор” йўналишида ғолиб чиқдим. Бу ютуқ кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшмоқда. Шу кунларда корхонамиз фаолиятини кенгайтириб, ўн нафарга яқин коллеж битирувчиси учун иш ўрни яратиш тараддудидаман.


Шерзод РАҲМОНОВ, 
ёш тадбиркор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn