Эъзоз ва эътибордан баҳрамандмиз
  • 10 Июль 2014

Эъзоз ва эътибордан баҳрамандмиз

...Эсимда: шафқатсиз очарчилик йилларида ейишга бир бурда қотган нон топиш ҳаёт-мамот масаласи эди. Инсоннинг сариқ чақалик қадри йўқ. Бундай шароитда ўқиб, саводли бўламан, деган мақсад билан яшаш қайда дейсиз. Хуллас, орзулар осмон каби узоқ, ер эса қаттиқ... Бундай воқеаларни эслашнинг ўзи даҳшат, болам.
Бугун-чи? Бугунги кунлар устидан сув ўгириб ичсанг арзийди. Истиқлол туфайли ўз донимиз, нонимизга эга бўлдик. Уларни кўзга суртиб, ардоқлаш керак. Дўкон ва бозорларимиз ҳам тўкин-сочин. Расталарга қараб, кўзинг қувнайди.

Тўғриси, анча кексайиб қолган бўлсам-да, Мустақиллик туфайли ёшардим, ёшлик орзуларим ушалди. Энди армоним йўқ. Яна ҳеч иккиланмай айтаман. Роҳатда яшаяпман. Зурриётларим нима десам, шуни муҳайё қилади. Кексаликда бундан ортиқ бахт борми? Невараларим энг зўр шароитларга эга таълим масканларида ўқияпти. Улар мактабдан хурсанд бўлиб қайтишса, мендан бахтли одам йўқ. Бири қўйиб, бири сўзлашини айтмайсизми? Бири “Бугун футбол ўйнадик, учта гол урдим. Катта бўлсам, Ўзбекистон терма жамоасида ўйнайман”, деса, бошқаси олган “5” баҳоларию тадбирда қўшиқ айтгани ҳақида ҳикоя қилади. Қарилик пайтида бундай гарди йўқ суҳбатлар қуриш нақадар тотли. Шундай бахтни берган Истиқлолимдан айланай.
Мақтанаяпти деманг-у, маҳалла-кўй билан суҳбатлашиб қолганда, мана шулар ҳақида ҳамсуҳбатларимга тўйиб-тўйиб сўзлайман. Бошқа момолар ҳам мендан кам эмаслигини кўрсатишади. Кимдир эвараси каратэдан республика чемпиони бўлганини айтади. Кейин гал обод юртимиз ютуқлари ҳақидаги гапларга етади. Бундай гап асалдек ширин кетади, томоқдан шунақа юмшоқ ўтади. Бундай таъмни яна-яна тотгинг келаверади.
Юртбошимизнинг бизларга кўрсатаётган юксак эътиборидан беғубор болалардек қувонаман.


Рафиқа БОҚИЖОНОВА,
меҳнат фахрийси.
Паркент тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn