«Ўзбекистон тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаш ва уни бойитиш ҳақида қайғуради»
  • 08 Июль 2014

«Ўзбекистон тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаш ва уни бойитиш ҳақида қайғуради»

Яқинда Бельгияда нашр этиладиган “Diplomatic World” журнали саҳифасида “Ўзбекистон тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаш  ва уни бойитиш ҳақида қайғуради” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда шу йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуига бағишланган халқаро конференция якунлари қаламга олинган.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форумда дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатлари вакиллари, жумладан, Озарбайжон, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Миср, Италия, Индонезия, Кувайт, Хитой, Нидерландия, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея ва Япониядан келган олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, олий ўқув юртларининг профессорлари ҳамда илмий тадқиқот марказлари мутахассислари қатнашгани ҳақидаги маълумот билан бошланади.
Унда, хусусан, ушбу анжуман ҳамда ўзбек халқининг бой тарихий мероси ҳақида қуйидаги сатрлар кўп сонли журналхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган:
“Самарқанддаги мазкур анжуманнинг ўтказилишидан кўзланган мақсад Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий меросини чуқур ўрганиш ҳамда ҳамон долзарб бўлган аҳамиятини идрок этиш, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссаси билан дунё ҳамжамиятини таништириш, шунингдек, турли мамлакатларнинг етакчи олим ва илмий марказларини алломалар асарлари ва кашфиётларини ҳар томонлама тадқиқ қилишга чорлашдан иборат эди.
Президент Ислом Каримов қайд этганидек, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри бетакрор шарқона руҳи ва қиёфаси, бой тарихи, бу ерда сақланиб қолган ноёб, ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган обидалари билан сайёрамизнинг турли ўлкаларида афсонавий шаҳар сифатида маълуму машҳурдир. Мовий гумбазлари миллионлаб сайёҳларни ўзига мафтун этадиган Самарқанднинг Рим билан бир қаторда “Абадий шаҳар” деган ном билан бутун дунёда шуҳрат қозонгани бежиз эмас.
Қадимги бақтрия, сўғд, ўрхун, хоразм ёзувларида битилган ёдгорликлар, деворий тасвирий санъат асарлари, ҳайкалчалар, меъморчилик намуналари ва бошқа осориатиқалар Шарқ олами, хусусан, Марказий Осиё халқлари ўз ҳаётида ривожланган маданиятга эга бўлганидан далолат беради.
Милодгача бўлган II асрдан милодий XV асрга қадар халқаро транспорт қон томири вазифасини бажариб келган, Хитой, Ҳиндистон, Марказий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ, Ўрта ер денгизи минтақаси каби ҳудуд ҳамда мамлакатларни боғлаб келган Буюк Ипак йўлининг аҳамияти улкан ва беқиёсдир.
Бу йўл нафақат юқорида зикр этилган ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқ алоқаларини, балки қитъалар ва мамлакатлар ўртасида ахборот алмашинувига хизмат қилди, янги технология ва кашфиётларнинг (ипак, чинни буюмлар, порох, қоғоз ва бошқа кўплаб маҳсулотлар) тез тарқалишида, қишлоқ ҳўжалиги экинлари ва агротехнологиялар, шунингдек, маданий қадриятларнинг ривожланишида муҳим восита вазифасини бажарган, цивилизациялараро мулоқот ва технологиялар алмашинуви учун шарт-шароитларни яратган. Турли мамлакатлар халқларининг илмий билимлар ва ютуқлар билан бир-бирини бойитиши алоҳида аҳамиятга эга бўлган.
Буюк Ипак йўли орқали Европага, Европадан эса Осиёга Шарқ ва ўарб оламидаги улуғ аллома ҳамда мутафаккирлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар етказилди. Суқрот, Афлотун, Аристотель, Птолемей ва антик даврда яшаган бошқа буюк алломаларнинг илмий асарлари, ғоя ва кашфиётларини ўрганиш учун амалда имкониятлар шаклланди...
Тадқиқотчи олимларнинг фикрига кўра, Шарқ, хусусан, Марказий Осиё минтақаси IX-XII ва XIV-XV асрларда бамисоли пўртанадек отилиб чиққан икки қудратли илмий-маданий юксалишнинг манбаи ҳисобланади ҳамда жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги уйғониш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган Шарқ уйғониши даври — Шарқ ренесанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда ўз эътирофини топган.
Шу билан бирга, кўплаб тадқиқотчилар таъкидлаганидек, агар Европа уйғониш даврининг натижалари сифатида адабиёт ва санъат асарлари, меъморчилик дурдоналари, тиббиёт ҳамда инсонни англаш борасидаги янги кашфиётлар юзага келган бўлса, Шарқ уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти, аввало, математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ ва табиий фанларнинг, шунингдек, тарих, фалсафа ҳамда адабиётнинг ривожланишида намоён бўлди.
Табаррук ўзбек замини тарих, математика, кимё, тиббиёт, астрономия, фалсафа ва адабиёт соҳалари ривожига улкан ҳисса қўшган етук олим ҳамда мутафаккирларни вояга етказди. Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек ва бошқа қатор алломаларнинг фундаментал асарлари бунинг яққол далилидир.
ўарбда Авиценна номи билан машҳур аллома Абу Али ибн Сино, ҳақиқатан ҳам, “Ислом оламининг энг машҳур файласуфи ва қомусий алломаси ҳамда инсониятнинг энг буюк мутафаккирларидан бири”, деган мартабага лойиқдир. Унинг “Тиб қонунлари” номли ноёб қўлёзмаси тиббиёт тарихидаги энг муҳим китоб бўлиб, қарийб 500 йил давомида Европанинг етакчи университетларида тиббиёт илми айнан шу асар асосида ўқитиб келинган. Ибн Сино асарлари Леонардо да Винчи, Микеланжело, Фрэнсис Бэкон ва бошқа кўплаб олимларни ҳайратга солган.
Самарқандда расадхона бунёд этган, буюк давлат арбоби Амир Темурнинг невараси Мирзо Улуғбек номи илм-маърифат осмонида бамисоли ёрқин юлдуз каби порлаб туради. Қирқ йил Самарқандда ҳукмдорлик қилган Мирзо Улуғбек астрономия соҳасидаги буюк аллома сифатида шуҳрат қозонган ва унинг номи ҳақли равишда Коперник, Жордано Бруно, Галилей ва бошқа улуғ илм-фан даҳолари қаторида тилга олинади.
Мирзо Улуғбек томонидан XV асрда тузилган астрономия жадвалида 1018 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган бўлиб, бу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган илк каталог эди.
1687 йилда европалик олим Ян Гевелий томонидан яратилган “Юлдузлар осмони каталоги”да турли даврларда, дунёнинг турли мамлакатларида яшаб ўтган буюк астрологларнинг рамзий йиғилишини акс эттирган сурат мавжуд. Суратда улар астрономиянинг илҳом париси ҳисобланган Ураниянинг икки томонидан жой олган ҳолда давра қуриб ўтиришади. Улар орасида Мирзо Улуғбек ҳам тасвирланган.
Бугун Ўзбекистоннинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзмалар сақланиб, уларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг маданий мерослар рўйхатига киритилган. Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг қўлёзмалари Европа ҳамда Осиёнинг қатор мамлакатлари, жумладан, Буюк Британия, Германия, Испания, Россия, Франция, Миср, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа кўплаб мамлакатлар кутубхоналарининг “олтин фонди”ни ташкил қилади.
Бу, энг аввало, ўрта асрларда яшаб, ижод қилган буюк Шарқ аллома ва мутафаккирларининг тенгсиз асарлари ҳамда илмий мероси фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки эканини яна бир бор тасдиқлайди...
Кўп асрлар ўтишига қарамасдан дунё Ўрта асрлар Шарқ алломаларининг даҳолиги, улардаги қизиқишларнинг ранг-баранглиги ва билимларнинг қомусийлигидан ҳайратга тушмоқда. Афсуски, инсоният бошдан кечирган фалокатлар, урушлар, табиий офатлар натижасида улар бой меросининг мингдан бир қисми бизгача етиб келган.
Бугун тарихнинг зулмат ва жаҳолат ҳукмронлик қилган муайян даврларида олимлар таъқиб ва қувғинга учраганлиги, кўпчилигининг ҳаёти фожиали тугаганини тасаввур этиш мушкул.
Бунда далилларга кўра, инсонлар ўртасидаги низолар ва тўқнашувларнинг биринчи қурбонлари билимлар манбаи — ноёб қўлёзмалар, асарлар бўлган. Антик даврдаги энг катта ҳисобланган Александрия кутубхонаси, Мирзо Улуғбекнинг ноёб кутубхонаси ва бошқалар йўқ қилиб юборилган.
Президент Ислом Каримов тарих ва бугуннинг ажралмаслигини таъкидлар экан, таниқли испан адиби Мигель де Сервантеснинг “Тарих — фаолиятимиз хазинаси, ўтмиш гувоҳи, бугунги кун учун ибрат ва ўгит, келажак учун эса огоҳлантиришдир” деган сўзларини келтирди”.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn