Ватанга муҳаббат оиладан бошланади
  • 08 Июль 2014

Ватанга муҳаббат оиладан бошланади

Ҳар куни ишдан оилам бағрига қайтарканман, икки ўғилчамнинг соғлом, бахтиёр чеҳрасини кўриб, кўнглим янада ёришади. Оиламдаги хотиржамлик ва бахтиёрлик юртимизда тинчлик ҳамда осойишталикни сақлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, оила институтини қўллаб-қувватлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ўзига хос кўзгуси эмасми?!

Ёш оиламиз. Ўзим тиббиётчиман, турмуш ўртоғим умумтаълим мактабида инглиз тилидан бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ беради. Ўғилларим боғчага қатнайди. Ҳар бир кунни қизғин иш режалари билан бошлаймиз: болаларимиз боғчага, биз ишга ошиқамиз. Бир қарашда, бу — оддий ҳол. Аммо ҳаётдан қониқиш ҳисси бўлмаса, унинг ўрнини таҳлика ва хавотир эгалласа, кўнгилга иш сиғадими?! Телевизордан кўрамиз, дунёнинг бир нуқтасида одамлар нотинч ва беҳаловат ҳаёт кечираётган бўлса, бошқа бир еридаги одамларнинг кўзларида қўрқув, умидсизлик, эртанги кунига ишончсизлик акс этиб турибди.
Юртимизда, ҳар бир оилада тонгнинг шукрона билан, эзгу мақсад ва ниятлар билан қарши олинишини, фарзандларимиз камолоти учун кенг имкониятлар мавжудлиги, энг муҳими, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда камолга етаётганликларини ўйлаб, ғурурланиб кетаман.
Мустақиллик эълон қилинган йили иккинчи синфда ўқирдим. Бола эдим, Истиқлол қанчалик бебаҳо неъмат эканлигини тушунмасдим, англамасдим. Мана, бугун фарзандим мактаб остонасида турибди. У озод юртнинг бахтиёр боласи. “Менинг Ватаним — мустақил Ўзбекистон!” дейди ажиб завқ билан. Унинг тимсолида бугунги ёш авлодга ҳавас қиламан. Айни пайтда бундай бахтни қадрлаш, болаларимизни, оиламизни, она-Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш кераклигини ич-ичимдан ҳис этаман.


Шерали РАҲИМОВ,
Республика эпидемиология-микробиология юқумли касалликлар илмий текшириш институти врач-нефрологи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn