АМЕРИКА ЎРТА АСРЛАРДА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА «КАШФ ЭТИЛГАН»МИ?
  • 07 Июль 2014

АМЕРИКА ЎРТА АСРЛАРДА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА «КАШФ ЭТИЛГАН»МИ?

Қадимий қўлёзмаларда айтилишича, Ипак йўли ёқасида жойлашган мамлакатнинг қомусий олими дунёда номаълум қитъалар мавжудлигини англаб етган.

АҚШда чоп этиладиган оммабоп, академик нашрлардан бири — “Science” (“Фан”) журналининг шу йил 20 июнь сонида Ричард Стоуннинг Абу Райҳон Беруний илмий асарлари ҳақидаги мақоласи босилиб чиқди. 130 минг обуначига эга ва интернет орқали 1 миллионгача ўқувчи фойдаланадиган мазкур нашрда ҳозирги замон олимларининг улуғ алломанинг Европа ва Осиё қаторида бошқа бир қитъа мавжудлиги тўғрисидаги башоратига муносабатлари хусусида муфассал ҳикоя қилинади. Қуйида ушбу мақола эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Ҳали Уйғониш даври бошланмасдан анча олдин Ренессанс кишиси бўлган бу олим кўп асрлар илгари Марказий Осиёда таваллуд топган Абу Райҳон Беруний эди. У Ер айланасининг узунлигини ҳайратланарли тарзда аниқ ҳисоблаб чиққан, солиштирма оғирлик ҳамда модданинг сувга нисбатан зичлиги катталикларини кашф этган. Вақтнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам йўқ, деб ҳисоблайдиган креационизм таълимотини рад этган ва Коперникдан беш аср аввал Қуёш системасининг маркази Қуёш бўлиши мумкинлигини исботлаган. Машҳур аллома ўз кашфиётлари қаторига Американинг мавжудлиги ҳақидаги башоратни ҳам киритган. 

Америка қитъасининг кашф этилиши борасида жуда кўп қарама-қарши, баҳсли фикрлар бор. Масалан, уни Беринг денгизи ёки Тинч океанини кесиб ўтган қадимий халқлар, тахминан мингинчи йилда Ньюфаундленд қирғоқларигача етиб борган норвегиялик денгизчилар, ё бўлмаса, XV аср тадқиқотчилари Христофор Колумб ва Жон Кабот топган, деган фаразлар  мавжуд.

“Ўз ҳаётида ҳеч қачон океанни кўрмаган бўлса-да, Беруний ҳам “кашфиётчи тожи”га муносиб, — деб қайд этди Вашингтондаги Ж. Хопкинс университетининг Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр, бундан бир ой аввал Самарқандда бўлиб ўтган Ўрта асрлар Шарқ алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига бағишланган халқаро конференцияда. — Унинг асбоблари елканли ёғоч қайиқ ва бақувват, моҳир эшкакчилардан иборат бўлган эмас, балки теран  кузатувлар, йиғилган илмий маълумотлар ва қатъий мантиқ асосида у айни шундай хулосага келган”.

Шунга қарамай, айрим экспертлар бу борада ҳамон шубҳа  билдиришмоқда. “Ҳозирги пайтда ўрта аср олимларининг асарларидаги замонавий кашфиётлар тўғрисида жуда кўп янгиликларни ўқиш тенденцияга айланиб қолди”, — дейди Нидерландиядаги Утрехт университетининг Беруний мероси бўйича мутахассиси Ян Хогендийк. 

“Биз ахир Ернинг Қуёш атрофида айланишини Коперник “очган” деб, фақат унинг фаразларига асосланган ҳолда фикр юритмаймиз-ку, — деб унга қўшилади Токиодаги Васэда университетининг тарихчи олими Натан Сидоли. — Шу боис, тушунмайман, нима учун энди Америка қитъасини Беруний “очган”, дейишимиз керак?”

Лекин бошқа бир қатор олим ва мутахассислар Марказий осиёлик ўрта аср олими ўз назарияси туфайли алоҳида эътиборга ва ҳурматга сазовор, деб ҳисоблайди. Масалан, Утрехт университетининг астрономия тарихи бўйича мутахассиси Роберт ван Гентнинг фикрича: “Агар Берунийнинг китобларида баён этилган муҳим илмий ғоялар тўғри талқин қилинган бўлса, демак, уни Америка “кашфиётчилари” рўйхатидан чиқариш учун ҳеч қандай сабаб йўқ”.

Абу Райҳон Беруний етти аср, яъни 800 йилдан 1500 йилгача давом этган “Шарқ Ренессанси” жараёнининг сарчашмасида турган Марказий Осиё олимларининг ёрқин намояндаларидан биридир. Ўша давр алломалари юксак ақл-идрок соҳиблари бўлиб, илмий кашфиётлари алгебра ва геометриянинг асосий принциплари, алгоритм ва астролябия, замонавий медицинанинг асослари каби соҳаларни қамраб олган. “Улар ноёб иқтидорли буюк шахслар бўлган”, — дейди Ф. Старр. Айни вақтда америкалик олим бу мислсиз кашфиётларга ўарбда етарлича эътибор берилмаганини ҳам қайд этиб ўтади.

Хитой, Ҳиндистон, Яқин Шарқ ва Европа маданиятлари туташган чорраҳада яшаган Марказий Осиё халқлари савдо-сотиқ ишини мукаммал эгаллашган, шу боис уларнинг аниқ фанларни чуқур билгани ҳайратланарли ҳол эмас эди. “Самарқандда болалар саккиз ёшданоқ математикани ўргана бошлаганига хитойликлар ҳайрон қолишган”, — деб таъкидлайди Ф. Старр.

Абу Райҳон Берунийни бемалол Марказий Осиёнинг энг ёрқин “юлдуз”ларидан бири, деб аташ мумкин. “У чиндан ҳам қомусий даҳо эди, нафақат аниқ фанлар ва антропология, балки фармакология ва фалсафани ҳам мукаммал эгаллаганди, — дейди Бельгиядаги Левен католик университетининг ўрта асрлар Марказий Осиёси бўйича мутахассиси Жюль Янссенс. — Беруний камида 150 та илмий асар муаллифи бўлиб, улардан атиги 31 таси бизгача етиб келган, улар ҳам фақат алоҳида олимларнинг кичик доирасидан ташқарида деярли маълум эмас”.

Абу Райҳон Беруний 973 йилда Орол денгизи яқинида, ҳозирги Хива (Ўзбекистон) ҳудудида туғилган. У 16 ёшидаёқ қуёшнинг чошгоҳ пайтидаги баландлигидан ўз шаҳрининг кенглигини аниқлаш учун фойдаланган. Вояга етгач, кўп саёҳат қилган. Ҳозирги Исломобод атрофидаги қалъа устига Ер айланасини астролябия, сферик тригонометрия ва синуслар қонуни ёрдамида ўлчашга мўлжалланган асбобни ўрнатган (қадимги греклар сингари, Беруний ҳам Ернинг думалоқ шаклда эканлигини билган). Бу борада аллома томонидан амалга оширилган ўлчовлардаги хатолик ҳозирги кунда маълум бўлган рақамларга нисбатан бор-йўғи 16,8 километрга фарқ қилган, холос. Ф. Старр бу ҳақда тўхталиб: “Билмадим, шунчалик кўп билимни у қаердан олган. Ҳақиқатан ҳам, бу зот ноёб ақл-заковат соҳиби эди”,  дея ўз ҳайратини изҳор этади. 

“Беруний 1037 йили ёзилган “Масъуд қонуни” асарида  ишончли фактларни уйдирмалардан ажратиш мақсадида, “дадил гипотеза”дан фойдаланиб, классик грек, ҳинд ва ислом астрономиясини таҳлил қилди, — дейди Ф. Старр. — Бошқа бир илмий тадқиқотида эса солиштирма оғирлик тушунчасини киритди, уни кўпгина минераллар ҳамда металларга татбиқ этди ва бунда нуқтадан кейинги учта рақамгача аниқликда ўлчовларни амалга оширишга эришди. Европаликлар эса буни XVIII асргача аниқ ҳисоблаб чиқа олмаганлар”.

Юқорида айтилган барча фикрларнинг энг шов-шувлиси, бу — Абу Райҳон Беруний томонидан Американинг “кашф этилиши”дир. У қиблани, яъни намоз вақтида Макканинг жойлашган ўрнини аниқ белгилаш мақсадида ўз қадами етган ҳар бир жойнинг координаталарини синчковлик билан ёзиб борган, шунингдек, бошқа манбалардан Евросиёнинг минглаб аҳоли яшайдиган жойлари ҳақидаги маълумотларни тўплаган. Беруний бутун дунёга машҳур бўлган 5 метрли глобусини яратгач, у Ер шарининг 3/5 қисми ҳали ҳисобга олинмаганини аниқлаган.

“Бундай катта тафовутни шу билан изоҳлаш мумкинки, барча қадимий географлар Евросиё дунё океани билан ўралган, деб ҳисоблашган”, — деб ёзади Ф. Старр ўзининг ўтган йили октябрда нашр этилган “Йўқотилган маърифат: Марказий Осиёнинг араб истилосидан Темургача бўлган олтин асри” номли китобида. — Беруний эса ушбу фаразни рад этди. XX асрнинг 50-йилларида ҳиндистонлик Саййид Ҳасан Бараний ўрта аср олимининг ёндашуви (унга бир неча ўн йиллар давомида илмий асос топа олишмаган эди) тўғри эканлигини тасдиқлади. Абу Райҳон Беруний: қуруқликни сайёрамизнинг 2/5 қисмига кўтарган кучлар Ернинг бошқа қисмида жамланган бўлиши керак, деган фикрни илгари сурган. У Европа ва Осиё орасида бир ёки бир неча қуруқлик ҳудудлари жойлашган бўлиши керак, деган хулосага келади ва шундай ёзади: “Аҳоли яшамайдиган ерлар ҳам мавжудлигини инкор қиладиган ҳеч нарса йўқ”.

Ф. Старр ўзининг 2013 йил декабрида чоп этилган “Бугунги тарих” мақоласида “Берунийнинг иш услублари айнан бугунги кун услубларига ниҳоятда ўхшашлиги билан кишини ҳайратга солади, уларни илмий тадқиқотнинг бидъатпараст ва хурофий ўрта аср -дунёси қаъридан эшитилган сокин, эҳтирослардан холи овозига қиёслаш мумкин”.

“Марказий Осиёдаги Шарқ Ренессанси илм-фан қувғинга учраган даврга келиб тугади, — дейди Ф. Старр. — Асрлар давомида Беруний ва ўша даврнинг бошқа буюк олимлари, худди Америка каби, ўзларининг янгитдан  “кашф этилишини” кутардилар”.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Унутилмас, бетакрор онлар «Йўл» »