«Ўз замонидан ҳозирга қадар махсус ва машҳуд»
  • 01 Февраль 2014

«Ўз замонидан ҳозирга қадар махсус ва машҳуд»

Олам ва одам, таълим ва тарбия, озодлигу ободлик — буларнинг барчаси буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий асарларида муфассал таҳлил этилган. Шу боис, мана, неча асрдирки, ул зотнинг панду насиҳатлари, фикрлари асло эскирмаслиги, ҳамиша уларга эҳтиёж борлиги билан кишини ҳайратга солади.

 

Балким шунинг учун бўлса керак, вақт ўтган сари ҳазратнинг асарлари, шахсиятига бўлган эътибор ва эҳтиром юксалиб бормоқда.

Бундай эъзозни кўплаб хорижий давлатларда Алишер Навоийга атаб ҳайкаллар қўйилаётгани, китоблар чоп этилаётганида ҳам яққол кўриш мумкин. Покистонлик олима — Исломобод университети ўқитувчиси Суғробону Шигуфтанинг Алишер Навоийга бағишланган китоби ҳам шулар жумласидандир. Яқинда нашр қилинган мазкур асар билан танишиб чиқдим. 5 бахш (бўлим), 12 фасл (боб)дан иборат ушбу тадқиқотда қадимги Ҳирот, ҳукмдорлар (жумладан, Ҳусайн Бойқаро), Ҳиротнинг сиёсий ва маърифий муҳити, Шоҳруҳ замонидаги Ҳирот, Бойсунқур Мирзо барпо этган кутубхона, Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги расадхонаси, ўша давр шоирлари ҳақида тазкиралар, бошқа манбалар асосида маълумотлар берилган, иқтибослар келтирилган. Китобнинг илм, адабиётга оид фаслида Ҳиротда шоиру адиблар, орифу ҳакимлар, мунажжимлар, хаттоту наққошлар, ҳунармандлару санъаткорлар йиғилгани ва уларга ҳомийлик қилиш кенг йўлга қўйилгани ҳақида сўз боради. 

Муаллиф ўша даврда кўплаб мадрасалар барпо этилганини ёзар экан, 25 та мадрасани номма-ном келтиради. Шоир ва орифлардан эса 41 нафари ёдга олинган. Яна “Мажолис ун-нафоис” асарига таянилиб, 81 нафар шоир ҳақида маълумотлар ғоят қисқа тарзда келтирилган. ўазал, маснавий, қасида, рубоий, қитъа, таркиббанд, таржеъбанд, мусаммот, мустазод, муаммо, таърих, луғзлар ёзган илми адаб жонкуярлари ва шеърий санъат йўналишлари санаб ўтилган. 

“Шарҳи ҳоли Навоий (Фоний)” фасли ҳам, олима эътирофича, Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр”, Али Асқар Ҳикматнинг “Жомий” китоби (Теҳронда нашр қилинган), Алибек Озарнинг “Тазкираи оташкада” асари ва бошқа тадқиқотлар бўйича ёзилган. Шоирнинг таваллуди, отаси, тоғалари, у қачон шеър ёза бошлагани, лақаби, номи, Машҳадда, Самарқандда бўлиши, Астрободга юборилиши, укаси Дарвешали ва жияни Ҳайдар Сабуҳийлар тақдири муфассал ёритилган. Навоийнинг хасталиги, умрининг поёни Хондамир ёзганидек баён этилган ва Навоий вафотига Мавлоно Соҳибнинг марсия ёзгани қайд этилади. Суғрохоним марсия 45 байтдан иборат эди, деб ёзади. (Аслида 40 байтдан иборат. Бу таърих марсиянинг ҳар байтининг биринчи мисрасида Навоийнинг туғилган йили — 844/1441, иккинчисида вафоти 906/1501 йили абжад ҳисобида чиқади. Марсиянинг мазмуни оғир жудолик азоби, марҳумнинг эътиқоди, фаолияти, унга таърифу мадҳлар — “шижоатда Алидек, мақсад йўлида Муҳаммаддек, инсонийликда Юсуфдек, билимдонлик ва адолатда Баҳман, Жамшид, Қубоддек эди”, деб таърифланади. — С. ў).  Шунингдек, бу фаслда Амир Садруддин Аминий марсиясидан тўрт байт, Осафий марсиясидан бир байт, номаълум муаллифнинг шоир вафотига ёзган шеъри (2 байт) келтирилади. 

Навоийнинг ахлоқи ва шахсияти ҳақида Жомий, Атоуллоҳ Руҳий ақидаларида кўрсатилган ахлоқ матлаблари қайд этилган. (Эътиқод, ростлик, эзгу амал, шижоат, ният ва ирода, Ватанни севиш, шафқатли бўлиш, адлу инсоф, ҳайратланиш ва ҳоказо). Мазкур сифатлар Навоийда мукаммал бўлгани тазкираларда айтилганлиги эътироф этилади.

Китобда шоирнинг шахсияти хусусида ҳам сўз боради ва унинг уйланмагани, бутун вақтини илм, адабиётга бағишлагани таъкидланади. Навоийнинг мазҳабий ақидалари ҳақида ёзар экан, у ҳазрати Алини ғоят улуғлагани форсий шеърларидан маълум, дейди. 

Асарда улуғ Навоийнинг “Девони Фоний” асаридан қаноат, ҳикмат, нафс иззати, фано, истиғно, тавҳид фалсафаси, Худованд раҳмати, жабр ва ихтиёр, таслим ва ризо, поклик, таҳорат ва ботиний сафо, ҳақиқат ва маърифат, ҳайрат, ибрат, оқибатни ўйлаш, вақт қадри, дард, вафо камлиги, ёлғизлик, айбни яшириш, рашк, тил заҳми, инкор каби тушунчаларга оид байтлар ҳам берилган. 

Муаллиф китобида “Сабъаи сайёр” — “Сабъаи сайёра” дейилган. Навоий мусиқага оид рисола ёзган ва “Камолият ул-муттақин” номли мажмуаси ҳам бор, Теҳрон миллий кутубхонасида сақланади, дейилади. Шунингдек, муаллиф ҳазратнинг “Рисолаи мусиқий” асари ҳақида шундай дейди: “Бу китобда муаллиф ўзининг илмий тажрибасида фойдаланган ва мусиқий билимга оид фикрларини баён қилган. Навоийнинг таъсири Марказий Осиёда, жумладан, Ўзбекистон ва Туркманистонда ўз замонидан ҳозирга қадар махсус ва машҳуд (кўзга кўринадиган — С. ў.)”.

Суғрохоним китоб охирида икки фасл (13 ва 14)дан иборат 5-қисмни “Навоийнома” деб атаган. Унда Навоий ташвиқи билан шеър ёзган шоирлар рўйхати (57 нафар), ҳазратнинг уларга эътибори, ҳомийлик қилгани айтиб ўтилган. Алишер Навоий таклифи билан асар ёзган кишилар ҳам китобда баён этилган. Хусусан, Мирхонд (“Равзат ус-сафо”), Ҳусайн Воиз Кошифий (“Анвори Суҳайлий”, “Равзат уш-шуҳадо”, “Ахлоқи Муҳсиний”), Хондамир (“Ҳабиб ус-сияр”, “Хулосат ул-ахбор”, “Дастур ул-вузаро”), Давлатшоҳ Самарқандий (“Тазкират уш-шуаро”), Муъинуддин Муҳаммад Замъи (“Равзот ул-Ҳирот”), Зайнуддин Маҳмуд Восифий (“Бадое ул-вақоеъ”), Мавлонозода  Абҳарий (“Машкут”) шулар жумласидандир. 

Асарда Навоий барпо этган иншоотлар, улардаги тартиб-интизом, шароит, имкониятлар, Ҳусайн Бойқаро ва Навоийнинг дўстона муносабатлари ҳам ёритилган. Хулоса ўрнида айтиш керакки, Суғробону Шигуфтанинг давр тазкиралари, вақтли матбуот мақолаларини яхши ўргангани асарда ўз аксини топган. Умуман, ушбу асар Навоий даҳосига хорижий мамлакатларда ҳам юксак эҳтиром кўрсатилаётганидан дарак беради. Бу эса ҳар биримизга чексиз фахру ғурур бахш этиши, шубҳасиз.

Суйима FАНИЕВА,

Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: «...Кишидин яхши от қолғай жаҳонда» »