Ижодкор ёшлар билан учрашувлар
  • 27 Июнь 2014

Ижодкор ёшлар билан учрашувлар

 

 

 

Янгийўл туманидаги “Алишер Навоий гулшани” маданият ва истироҳат боғида юртимиз ижодкор ёшларининг ҳудудий семинари бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2014 йил  6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси ва пойтахт вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Тошкент, Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятларидан ўттиздан зиёд умидли қаламкашлар қатнашди.
Анжуманда Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али ва бошқалар қайд этганидек, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ давлатимиз раҳбари раҳнамолигида адабиёт, санъат, маънавият ва маърифатнинг юксалишига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Илму ижод ривож топмоқда, истеъдодли ёшлар муттасил қўллаб-қувватланаётир. “Ижод” фондининг ташкил этилиши, ёш қаламкашларнинг илк тўпламлари “Биринчи китобим” рукни остида бир неча ўн минг нусхада чоп этилиб тарқатилаётгани ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.
— Бундай самимий анжуманлар ёш ижодкорларнинг маънавий камолотида беқиёс аҳамиятга эга, — дейди тадбир иштирокчиси, Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Туроб Мақсуд. — “Устоз — шогирд” анъаналарига уйғун маҳорат мактаблари ёшларимизга тўғри йўл кўрсатиш, улар учун ижодий парвоз майдонини кенг очишга хизмат қилмоқда.
Дарвоқе, мазкур адабиёт байрамининг буюк бобокалонимиз номи билан аталувчи боғда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Мазкур аҳоли дам олиш маскани кейинги пайтда тубдан реконструкция қилингач, Янгийўлнинг сўлим ва обод гўшаларидан бирига айланди. Биллур фаввора, кўкаламзор майдон, кенг, баҳаво йўл ва хиёбонлар, ўндан ортиқ замонавий аттракционлар туман аҳолиси ва меҳмонларига байрамона кайфият улашмоқда.
Кун давомида семинар иштирокчилари назм, наср, бадиий публицистика шўъбаларига бўлиниб, машғулотларга киришдилар. Таниқли адабиётшунослар, устоз ижодкорлар умидли қаламкашлар учун маҳорат дарсларини ўтдилар. Икки авлод вакиллари ўртасидаги очиқ мулоқотлар мумтоз ва жаҳон адабиётининг нодир қирралари, таҳрир санъати, мавзу ва жанр уйғунлигига оид савол-жавоблар, адабий мунозараларга уланиб кетди.
Якунда анжуман қатнашчиларига ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn