«Боланинг бир қўлига нон беринг, бир қўлига китоб»
«Боланинг бир қўлига нон беринг, бир қўлига китоб» Фото: afisha.uz
  • 10 Март 2018

«Боланинг бир қўлига нон беринг, бир қўлига китоб»

Мамлакатимиздаги нуфузли нашриётлардан бирининг кириш жойига битилган «Боланинг бир қўлига нон беринг, бир қўлига китоб» деган сатрлар чорак асрдан зиёд вақт ўтганига қарамай, сира ёдимдан кўтарилмайди. Ҳар гал китоб дўконларида бўлганимда, бу нақл бот-бот ёдга тушаверади. Эътибор берганмисиз, нон ҳеч қачон кишининг кўнглига урмайди.

Чунки  у — азиз неъмат. Доно аждодларимиз эса бежиз китобни нон каби кўзларига тўтиё қилмаганлар. Шу маънода, мурғак қалбларни китобга ошно этиш эса соҳа мутахассисларининг энг эзгу мақсадларидан бирига айлангани кишини беҳад қувонтиради.

Бугун мамлакатимизда китоб мутолаасига давлат миқёсида эътибор берилиши соҳа ривожига беқиёс ҳисса қўшди. Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатларни жонлантириб юборди. Қувонарлиси, катталар билан бир қаторда болалар адабиётини ҳам ривожлантиришда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан келажагимиз ворислари учун юзлаб турли-туман китоблар чоп этилди. 

Таниқли ижодкор Носир Фозиловнинг “Кўклам қиссалари”, Абдулхай Носирнинг “Яхшилар боғи”,  Рауф Субҳоннинг “Танинг соғлом — ёруғ олам” (икки муаллифнинг икки китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказиладиган “Ватан учун яшайлик!” анъанавий VI Республика танловининг совриндори бўлди), Турсунбой Адашбоев қаламига мансуб “Осмон кўкми, зангорми?”, Анвар Обиджоннинг “Полосонлик полапонлар”, “Табиб бўри”, Абдураҳмон Акбарнинг “Чўнтакдаги дарахт” китоблари болажонлар жавонидан жой олади. Эртак эшитишни истамайдиган кичкинтой дунёнинг ҳеч бир ерида топилмаса керак. “Бир бор экан” (ўзбек халқ эртаклари), “Тумшуғидан илинган тулки” (қирғиз халқ эртаклари) каби тўпламлар улар учун ажойиб туҳфа бўлди. Ўз навбатида, “Жаҳон халқлари эртаклари” туркумида чоп этилган “Донишманд вазир” (хитой, корейс, уйғур ва мўғул халқлари эртаклари), “Садоқатли Сита” (ҳинд халқ эртаклари), “Зангори гилам” (грузин, озарбайжон, арман ва осетин халқлари эртаклари) каби китоблар ҳам чоп қилинди. Ака-ука Гриммлар қаламига мансуб “Миттивойлар совғаси”, “Ялқов тўқувчи” ва “Бўрон кампир” туркумидаги эртак китоблар ўқувчиларни дунё болалар адабиёти оламига чорлаши билан аҳамиятлидир. 

Русийзабон ўқувчилар учун дунё халқлари афсона ва ривоятларини ўз ичига олган “Герои Эллады”, “Былины” китоблари, “Попугай в золотом кувшине” (ўзбек халқ эртаклари), Антуан де Сент-Экзюперининг машҳур “Маленький принц”, Виталий Бианкининг “Синичкин календарь”, Астрид Линдгрен қаламига мансуб “Малыш и Карлсон”, Валерий Гусевнинг “Ух ты!”, Лина Хачатурова ижод маҳсули бўлган “Большой секрет, или весёлые приключения гномов Тика и Така” ва бошқа китоблар тақдим этилган. 

Айни чоғда чоп этилаётган болалар адабиётининг мазмун-моҳияти, ноширлик соҳасида эришилаётган ютуқлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни лозим топмадик. Чунки “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи мамлакат ва халқаро миқёсдаги кўргазмаларда қўлга киритаётган совринлари ва дунё жамоатчилиги томонидан кўп бора эътироф этилаётгани бугун кўпчиликка маълум. Бу саъй-ҳаракатлар келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод камолоти йўлида асосий омиллардан бири эканлиги эса кишига ўзгача завқ бағишлайди. 

Шу ўринда “Миттивой ва Карлсон” каби асарлари билан дунё болалари қалбини забт этган бетакрор истеъдод эгаси Астрид Линдгрен ҳаётидан бир лавҳа кўз олдимда гавдаланади. Тўқсон ёшдан ошган ёзувчи бир даста китобларини қучоқлаганча катта йўл ёқалаб шошганича кетиб борарди. Аввалига ҳайрат билан бу манзарани кузатиб турган одамлар юрак ютиб бу ҳаракатнинг боисини сўрадилар. Адиба катта йўлдан сал наридаги сайҳонликда ўйнаб юрган бир тўда болаларга ишора қилди:

— Уларнинг китоблари бормикан? 

Бевосита болалар адабиётига дахлдорлигим боис ўйнаб-кулиб юрган болажонларга кўзим тушганида беихтиёр ўйланиб қоламан. Уларнинг ўз китоблари бормикан? 

Бугунги кунда давлатимиз томонидан китобхонликка қаратилаётган юксак эътибор кишига ўзгача руҳ бағишлайди. Мамлакатимиз раҳбари 2016 йилда Навоий вилояти сайловчилари билан сайловолди учрашувларидан бирида китоб ҳақида айтган сўзлари эса ҳар қандай кишини ҳушёрликка чорлайди: “Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ”. Бебаҳо неъмат саналмиш китоб ҳақидаги бу сўзлар ҳар бир ватандошимиз қалбига муҳрланса, кўзланган мақсадимиз йўлида тамал тоши бўлиб хизмат қилса, не ажаб. 

Юсуф АБДУЛЛАЕВ, 

«Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи муҳаррири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn