Икки тилда сўзловчи бир халқ дўстлиги рамзи
  • 09 Март 2018

Икки тилда сўзловчи бир халқ дўстлиги рамзи

Самарқандда Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ўзбек ҳамда тожик халқларининг икки буюк шоири — Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий шарафига ўрнатилган ёдгорликнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этганлар ўзбек ҳамда тожик халқлари асрлар давомида бир-бири билан қуда-анда бўлиб ҳаёт кечиришганини, урф-одатлари, яшаш тарзи ўхшашлиги учун “икки тилда сўзловчи бир халқ”, дея эътироф этилганини таъкидлашди.

Бинобарин, бугунги кунда мамлакатимизнинг ташқи сиёсатидаги ислоҳотлар, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни янада яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона алоқаларни янги босқичга кўтармоқда.

Айтиш керакки, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қизил гранит тошдан ясалган ушбу ҳайкал илгари Самарқанд шаҳридаги собиқ “Афросиёб” меҳмонхонаси ёнида, кўримсиз жойда эди. Кейинчалик ҳайкал бу ердан кўчирилди.

Самарқандлик зиёлилар ҳамда кенг жамоатчилик таклифи инобатга олиниб, мазкур монумент учун Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи танланди ҳамда ниҳоятда қисқа муддат ичида ушбу маскан обод қилиниб, муҳташам ҳайкал ўрнатилди.

Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг инсонпарварлик ҳамда бағрикенглик ғоялари тараннум этилган асарлари халқларимиз азалий дўстлигининг тарихий -кўзгусидир. Дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган бу икки буюк мутафаккир ҳайкалларининг айнан Самарқандда ўрнатилишида ҳам катта маъно мужассам. Ўзбек ва -тожик халқларининг улуғ фарзандлари ўз даврида илм-фан чўққиларини айнан ушбу тарихий шаҳарда эгаллашган.

— Давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга амалга оширадиган давлат ташрифи олдидан бу ёдгорликнинг очилиши халқларимиз дўстлигининг рамзи сифатида тарихий аҳамиятга эгадир, — дейди Самарқанд давлат университети профессори Дилором Салоҳий. — Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бундан кейин янги босқичда -ривожланиб боришига ишончимиз комил.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, адабиёт ҳамда санъат намояндалари, кенг жамоатчилик қатнашди.

Р. АБДУРАҲМОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn