Республика ёш томошанбилар театри халқаро уюшмага аъзо бўлди
  • 02 Март 2018

Республика ёш томошанбилар театри халқаро уюшмага аъзо бўлди

Республика ёш томошабинлар театри Халқаро болалар ва ёшлар учун театрлар уюшмаси(ASSITEJ) аъзосига айланди. Шу вақтнинг ўзида Пекинда ўтказиладиган театр ярмаркаси, Ҳиндистон, Грузия ва Данияда ташкил этиладиган фестиваллар ва бошқа маданий тадбирларга таклифномалар ҳам олди. 

 Гап шундаки, Республика ёш томошабинлар театри вакиллари Токио шаҳри мезбонлик қилган ASSITEJ форумида иштирок этди. Унда қитъамизнинг 17 мамлакати театр санъаткорлари ҳам қатнашди. Учрашув Осиё болалар учун театрлар фестивали доирасида ўтказилди. Соҳа мутахассислари болалар ва ёшлар театрлари йўналишида эришилаётган муваффақиятлар, учраётган тўсиқлар бўйича фикр алмашди, ўз тажрибаси ва билимлари билан ўртоқлашди.

— Биз Ўзбекистонда театр санъатини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, дўстлар клубимиз фаолияти, спектакллар, томошабинлар ва ижодий режаларимиз ҳақида сўзлаб бердик, — деди театр директори Зулфия Ҳамроева. — Барча иштирокчилар бизнинг тақдимотни катта қизиқиш билан кузатиб боришди. Муҳокамалардан кўзланган асосий мақсад болалар театри жаҳон ҳаракатига интеграциялашишдир. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ASSITEJ ўз аъзоларини бирлаштиради, методик кўмак кўрсатади ва тренинглар, семинарлар, фестиваллар ва учрашувлар ўтказиш йўли билан уларни қўллаб-қувватлайди. Биз ҳамкорлик бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқдик, шу каби форумни келгуси йили Тошкентда ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Зулфия ИБРОҲИМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn