Бугун Зулфияхоним таваллуд топган кун
  • 01 Март 2018

Бугун Зулфияхоним таваллуд топган кун

Халқимга айтар сўзларим

Ўзинг ташна этдинг, ўзинг сув тутдинг,
Қалбимдаги саҳром, дарёмсан, халқим!
Сени сева-сева мен бойиб кетдим,
Дунё ичра топган дунёмсан, халқим!
 
Юрак чақмоқ теккан осмон юзидай,
Лекин эътиқодим, иймоним бутун,
Умримда қилганим, озми-кўпимдан,
Меҳрим дарёсидан серобман бу кун.
 
Менга Навоийдан айтинг алла деб,
Лутфийдан онгимга зиё таратдинг,
Қийналган оламга бўлгин далда деб
Асли ўзинг мени шоир яратдинг...
 
Ёш шуур, курашчан туйғулар билан
Сенинг тақдирингга маҳкам туташдим,
Не-не ғанимлар-ла курашганинг он
Кўпнинг бири бўлиб малҳамга шошдим.
 
Сарғайган даштларга бердинг яшил қон,
Тупроқ тепаларда шаҳар кўтардинг:
Ҳар бир ғалабангни кўрган суюк он
Дилдаги ўз ғамим куйи чўкарди.
 
Йўл юрдим, соғиндим, тўкилди байтим
Хорижнинг шомлари, саҳарларида,
Эзгу истакларинг жаранглаб айтдим
Осиё, Африка минбарларида.
 
Мактублар ёздинг сен, мактублар битдим,
Гоҳ кўзга нам қалқиб, гоҳида хушбахт.
Шеър билан, сўз билан қалбингга етдим,
Ўша қалб мен учун энг шарафли тахт.
 
Кўзим устидасан бу туғёнли дам,
Сен билан тақдирдош кундузли бўлдим.
Сени деб сийлади Умр, азиз Ватан
Эъзозли бўлдим мен, юлдузли бўлдим.
 
Ҳали бор олдимда ўтмаган бурчим,
Ўтайман кўзимда тирик турса нур.
Умримдаги барча фасллар учун
Ўзига бек халқим, Сенга ташаккур.

ЗУЛФИЯ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn