Ўзбекистон Россия ва Марокашда ўткир сюжетли триллер суратга олади
  • 27 Февраль 2018

Ўзбекистон Россия ва Марокашда ўткир сюжетли триллер суратга олади

Ўзбекистонда яқин кунлар ичида ўткир сюжетли “Scorpion” кинокартинаси суратга олинади. 

Мухлиса Азизова режиссёрлигидаги фильм Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан имзоланган қўшма қарор доирасида тасвирга туширилади.

Триллерни суратга олиш ишлари Тошкент, Бухоро шаҳарлари, шунингдек, Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий гвардияси қўллаб-қувватлаши остида Россия ҳамда Марокашда ҳам олиб борилади.

Картинанинг бадиий гуруҳи таркибида ўзининг “Welcome to Bukhara” промо-ролиги билан танилган германиялик машҳур оператор Макс Тцуи ва бошқа хорижлик мутахассислар бор.

Қарийб бир ҳафта олдин пойтахтимизга келган меҳмонлар бадиий гуруҳ ва режиссёр билан биргаликда лойиҳани тайёрлаш ишларини якунламоқда. Яқин вақтда тасвирга тушириш ишларига киришилади.

Ҳозирча кинофильм сюжети сирлигича қолаяпти. Бироқ лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ва Миллия гвардияси қатнашаётганидан билиш мумкинки, унда кўплаб ҳарбий техникаларни кўришимиз мумкин. Унинг фабуласи эса ҳаётда қийин аҳволга тушиб қолган, ҳатто террорчилик ташкилоти томонидан ёлланган ёш йигит тақдири атрофида айланиши айтилаяпти.

Ташкилотчилар бу ҳақидаги тўлиқ маълумотларни яқин кунларда эълон қилишга ваъда беришмоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn