Улуғвор ниятлар, эзгу орзулар ифодаси
Улуғвор ниятлар, эзгу орзулар ифодаси Фото: prezident.uz
  • 27 Февраль 2018

Улуғвор ниятлар, эзгу орзулар ифодаси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда тарихий қадамжоларни обод этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Замонавийлик ва тарихий жозибадорлик уйғунлиги тобора янгича қиёфада намоён бўлаётган мегаполис Тошкентни янада обод ва кўркам шаҳарга айлантиришдек эзгу мақсадларда устуворлик касб этмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлганидек, пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ҳам нодир обидалар мавжуд бўлиб, XIV аср ёдгорлиги ҳисобланган Сузук ота мақбараси шулардан биридир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 9 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш асносида “Сузук ота” мажмуасида ҳам бўлди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари 2017 йил 26 май куни бу масканда бўлиб, мақбара ҳамда масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берган эди. Орадан 9 ой вақт ўтгач, эзгу ният билан бошланган ишлар самараси кўзга ташлана бошлади. Мажмуа майдони текисланиб, тарихий обидаларга қайта ҳаёт бахш этилмоқда. Белгиланганидек, Сузук ота мақбараси ҳамда унинг ёнидаги обида салобатли кўринишга келтирилаяпти. Ёғоч ўймакорлиги намуналари асосида миллий анъаналарга уйғун айвонлар бўй кўтараяпти. Мажмуа остонасида қурилаётган шарқона услубдаги иморат зиёратгоҳнинг рамзий дарвозаси саналади. Жоме масжиди ҳам ўзгача кўриниш касб этмоқда.

Масжиднинг гумбаз қисмига ўзгартириш киритилиб, тарихий хонақоҳ билан уйғунлаштирилган. Бу ерда, шунингдек, ҳунармандлар учун устахоналар, автотураргоҳ ва бошқа иншоотлар барпо қилинмоқда. Чиллахона тикланаётир. Қурилиш ишларини жорий йилнинг 1 сентябригача якунлаш мўлжалланган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда халқимизнинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш, азиз-авлиёлар ҳамда алломалар мангу қўним топган бундай масканларни обод этишга катта эътибор қаратилиши замирида халқимиз, айниқса, ёшларимизни уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништириш, шу асосда халқимиз маънавиятини янада юксалтиришдек улуғвор мақсадлар мужассам.

Ихлос ва эъзозга йўғрилган хайрли ишлар билан танишиш мақсадида дастлаб “Сузук ота” мажмуига йўл олдик. Яссавия тариқатининг асосчиси Хўжа Аҳмад Яссавий авлоди — Сузук отанинг исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топган. Тарихий маълумотларга қараганда, у Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғлидир. Болалик чоғида бобоси  “Менинг сузугим-суюклигим”, деб эркалагани боис исми Сузук ота бўлиб тарих зарварақларига муҳрланган. Сайрамда таваллуд топган Сузук ота балоғат ёшига етганида, отаси маслаҳатига кўра Тошкентга келиб, Бешёғоч даҳасидаги Чуқур кўприк, Мирлар ва Чақар маҳалласи оралиғида яшайди. 1217 йили оламдан ўтади. У ҳунармандларнинг устози, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳалол меҳнатга ўргатган устоз сифатида ўзидан улкан ҳикмат ва ибрат қолдирган.

— Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак, — давлатимиз раҳбари Сузук ота мақбараси ва жоме масжидига ташрифи чоғида мана шу тарихий маълумотларни қурувчилар эътиборга олишлари лозимлигини уқтирди ва ҳунармандлар маркази ҳамда кутубхона ташкил этилишига алоҳида урғу берди.

Салкам 7 гектарга яқин майдонда 120 нафар тажрибали бинокор фаолият олиб бормоқда. Улардаги шижоат, ўз тарихига, буюк аждодларига ҳурмат-эҳтиром юз-кўзларида ифода топаётгандек таассурот уйғотади. Табаррук масканда 25 та замонавий техниканинг тинимсиз ишлаб тургани қурилиш кўламининг нечоғли улканлигидан далолат беради. Қурувчилар ибораси билан айтганда, “мусулмон ғиштлари” деб аталган пишиқ ғиштлар жуфт-жуфт қилиб жойлаштирилган алоҳида елим халталардан чиқарилгач, махсус дастгоҳларда яна силлиқлаб-тарошлаб олинмоқда, пойдевор ва пештоқларга алоҳида-алоҳида шаклларга солиб терилаяпти. 

— Мақбара ҳамда масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича Президентимиз кўрсатмалари асосида иш олиб бораяпмиз, — дейди “Сузук ота” қурилиш участкаси бошлиғи Зомин Нурмуҳаммедов. — Биласизми, муқаддас жойда буюк аждодимизнинг руҳи қўллаб тургани боис қалбимизда сокинлик, руҳиятимизда жўшқинлик ҳукмрон.

— Қурилиш бошлангунга қадар Сузук ота хокипойи айнан қаерда эканлиги ҳали номаълум эди, — дейди Сузук ота номидаги маҳалла раиси Собитхон Турсунов. — Аммо бу ерда қабр борлигини аниқ эшитгандик. Ёшлигимизда Копия ая деган бир онахон Сузук ота қабрига сурп ўраб чиққанларини айтган эдилар. Кейин қандайдир фавқулодда табиий ҳодиса туфайли унинг устини тупроқ босиб, қабрнинг қаерда эканлиги номаълум бўлиб қолганди. 2017 йил август ойида қабр устини қоплаган лой ва тупроқлар олиб ташланганида, худди тандир лойига ўхшаган пишиқ лой билан иҳоталанган қабр кўринди. Ҳатто ўша сурп ҳам сақланган экан. Экспертлар томонидан қабрнинг қачон цементлангани, сурпнинг қачон ишлаб чиқилгани ўрганилиб, Копия аянинг сўзлари тасдиқланди. Тарихчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари учта қабрдан бири Сузук отаники эканлигини эътироф этишди. Мазкур ҳолат ҳам Президентимиз ташаббуси билан бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари бошланганидан сўнг Яратганнинг бизга кўрсатган марҳамати бўлди.

Қурилиш майдонининг шундоққина ёнида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғини биноси кириб-чиқувчилар билан гавжум. Негаки, салкам етти гектар майдондаги эски ҳовлиларда яшаган аҳолининг бу ердан унча узоқ бўлмаган Самарқанд дарвоза томонида қад ростлаётган кўп қаватли уйларга кўчиб ўтгунча қийналмай истиқомат қилиши бевосита фуқаролар йиғини орқали ҳал этилмоқда.

— Янги тикланаётган уйлар манзили ҳам “Сузук ота” мавзеси деб аталади, — дейди Собитхон Турсунов. — 177 оиладан 150 таси у ерга кўчиб ўтиши керак. Тураржойлар тайёр бўлгунга қадар уларга давлатимиз раҳбари кўрсатмасига биноан, ойига 1 миллион 400 минг сўмдан ижара пули ажратилмоқда. Эзгу ишлар амалга оширилаётган чоғда ҳам аҳоли зарар кўриб қолмаслиги зарурлиги Президентимизнинг устувор талабидир.

Бундан ташқари, 34 та 2 қаватли коттеж бунёд бўлаётганини кўрасиз. Уларнинг ҳар бири олдида 4,5 сотихдан ҳовлиси ҳам бор. Бу иморатлар Сузук отанинг ҳунармандлик ишларини давом эттирувчи, асосан, ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланувчи усталарга берилади. Улар ўз дўконларини очиб, маҳсулотларини бу ерга ташриф буюрувчи зиёратчилар, сайёҳларга таклиф этишади. 

Чилонзор туманидаги “Сўгалли ота” ёдгорлиги ёнида ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида масжид қурила бошланган, айрим сабабларга кўра, 1997 йилда тўхтаб қолган эди. 2013 йилнинг декабрь ойида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу ерда хайрли дуолар қилгач, бунёдкорлик ишлари бир оз силжиб, гумбаз қурилиши тугалланган эди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш асносида бу манзилда тўхтаб қолган қурилишни яна давом эттириб, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини абадийлаштириш учун мазкур масканга унинг номини бериш таклифини киритдилар. Бу таклиф Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий сифатида ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охиридаги мураккаб бир даврда исломий илмлар, диний қадрият ҳамда анъаналарни қайта тиклашда, “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар — бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик — ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби ислом оламида машҳур бўлган китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, бу диннинг асл моҳиятини халқимизга тўғри етказиб беришдаги хизматлари унутилмаслигининг ёрқин белгисидир. Унинг халқаро миқёсда кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиб, муфтий ва собиқ иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўтарилган махсус баённома тақдим этганини давлатимиз раҳбари катта жасоратга тенглаштирди. Ўшанда бунинг натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгариб, масжид ва мадрасалар очилган, Ҳаж зиёратига борувчилар сони эса кўпайган эди. 

— Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди, — деди Президент ўз таклифининг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб. — Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимизни, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади.

Ҳозирги кунда бу ерда ҳам иш қизғин. 80 нафар қурувчи замонавий техникалар воситасида масжид, музей қурилишини жадаллаштириб юборган. Бунёдкорлик жараёни якунлангач, дунёнинг пешқадам уламолари ташриф буюриб, Ислом динининг глобал дунёда тутган ўрнига бағишланган анжуманларни ўтказишади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан қолган бой мерос, диний-маърифий мавзуларда 100 дан зиёд китоблари, ҳикматга тўла сўзлари, суҳбатлари, радио ва телевидение, матбуот саҳифаларидаги доимий чиқишлари, аудиокитоблари, илм ва ҳаёт йўли музей экспозициясида акс этади. 

Қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадаллик билан олиб борилаётган ҳар иккала мажмуа тез кунларда қад ростлаб, пойтахтимиз аҳолиси ва халқимиз учун муносиб туҳфа бўлади. Яқин ҳамда узоқ юртлардан келадиган сайёҳлар эса қадим анъаналари, урф-удумлари ва қадриятларини эъзозлаб келаётган халқимизнинг буюк меросидан баҳраманд бўлиб, бугунги кунда инсониятни ўйлантираётган масалаларга муқаддас қадамжолардан ечим топа олсалар, ажаб эмас.  

Шойим БЎТАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn